100 миллион нима бўлибди?! Сайёрамиздаги энг қиммат трансферлар (“Топ-10”)

Бир неча кун аввал, футбол оламида қишки трансфер ойнаси очилди. Клублар ўзлари истаган футболчилар билан музокара ўтказишни бошлаб юборди. Биз эса, футбол оламидаги энг катта сумма эвазига амалга ошган трансферларни ёдга оламиз.

Гарет Бэйл

For1

«Тоттенхэм»дан «Реал»га

Трансфер суммаси: 101 миллион евро

Трансфермаркт сайтининг маълум қилишича, уэльслик ҳужумчи 100 миллион еврога баҳоланган илк футболчи саналади. Бундан 7 йил илгари Мадрид клуби Бэйлни «Тоттенхэм»дан сотиб олган эди. Ҳатто Роналду учун (94 млн) ҳам, клуб бундай катта пул тўламаган эди. Эътиборлиси шундаки, Гарет дарров жамоанинг асосий таркиб футболчисига айланди ва мухлисларни хурсанд қилишни бошлаб юборди. Ўзининг илк мавсумида 22 та гол ва 19 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Афсуски, бугунги кунда унинг ишлари кўнгилдагидек, деб бўлмайди.

Поль Погба

for2

«Реал»дан «Манчестер Юнайтед»га

Трансфер суммаси: 105 миллион евро

2019 йилнинг август ойида «қизил иблислар» «Ювентус» ярим ҳимоячиси учун 105 миллион евро сарф этди. Қизиғи шундаки, бундан 7 йил илгари «Юнайтед» Погбани текинга қўйиб юборган эди. Поль «туманли альбион»даги илк мавсумида ажойиб натижа қайд этди, аммо кейин ўйинида пасайиш кузатилди. Ҳозир ҳам шу жараён давом этмоқда.

Эден Азар

for3

«Челси»дан «Реал»га

Трансфер суммаси: 115 миллион евро

«Реал» катта трансферларни амалга ошириши билан бошқа жамоалардан ажралиб туради. Афсуски, бундай «катта» трансферларнинг барчаси ҳам омадли чиқавермайди. Эден Азарни ҳам бемалол ана шундай ўринсиз харид десак, адашмаган бўламиз. Бельгиялик вингер Мадридда жароҳат ва ортиқча вазн муаммоси билан курашиш билан банд. Ҳозирча, «қаймоқрангилилар» сафида «Челси»даги Азарни кўрганимиз йўқ. Катта эҳтимол билан кўрмасак ҳам керак...

Криштиану Роналду

for4

«Реал»дан «Ювентус»га

Трансфер суммаси: 120 миллион евро

Роналдунинг «Реал»дан кетиб қолишига мухлислар охиригача ишонмаганди. Кетгач эса, Мадрид кўчалари ҳувуллаб қолгандек бўлди. «Эл-класико» ўз имижини йўқотди. «Реал» узоқ йиллик етакчисидан айрилди, «Ювентус» эса, бу трансфердан фақат ютди. Ўзининг 35 ёшида ҳам “Криш” барчани ҳайратда қолдиришда давом этмоқда.

Антуан Гризманн

for5

«Атлетико»дан «Барселона»га

Трансфер суммаси: 120 миллион евро

Гризманн бир неча йиллар давомида «Атлетико»нинг «юраги»га айланди, бироқ 2019 йилда «Барселона»дан келиб тушган таклифга рози бўлди. Кулгили томони шундаки, бу трансфер амалга ошгач, икки томон ҳам норози бўлиб қолди. Мадрид клуби ўз етакчисидан айрилганидан, «Барселона» 120 миллион евро нишонга тегмаган ўққа айланганидан ранжиди. Антуан эса, ўзи учун майдонда янги позициялар излаш билан банд. Каталония супер клубида мураббийлар ўзгариши ҳам французга қўшимча имконият тақдим этгани йўқ. Шунга қарамай, Гризманн «Барселона» учун муҳим ўйинчи бўлишга қодир эканлигига ишонмоқда.

Жоау Фелиш

for6

«Бенфика»дан «Атлетико»га

Трансфер суммаси:127 миллион евро

Гризманнинг трансферидан келиб тушган 120 миллионга «матрасчилар» яна 7 миллион евро қўшиб Фелишни сотиб олди. 19 ёшли йигит учун Мадрид клуби бундай катта суммани сарфлагани мухлисларда қизиқиш уйғотгани рост. Фелиш ўзининг Мадриддаги илк мавсумида бироз кўринмай қолди. Жорий мавсумдан эса, секин-аста катта саҳнага чиқиб келмоқда. Ноябрь ойида уни Ла Лиганинг энг яхши футболчиси, деб топишди. Сарфланган пуллар эса, тез орада ўзини оқлаши турган гап.

Усмон Дембеле

for7

«Боруссия Д»дан «Барселона»га

Траснфер суммаси: 130 миллион евро

2016 йилда Дортмунд клуби «Ренн»дан Дембелени 15 миллион евро эвазига харид қилган эди. Орадан бир йил ўтиб, немислар «Барселона»га уни 130 миллион еврога сотиб юборди. Дембеле Каталонияга кўчиб ўтгач, жароҳатларга ўралашиб қолди. Боз устига, энди спорт формасини тиклаган пайтда жамоанинг ички ҳолати жуда ёмон аҳволда қолмоқда. Шунга қарамай, клуб Дембелени қўйиб юбормоқчи эмас. Футболчининг ўзи ҳам охиргача кураш олиб бормоқчи.

Фелиппе Коутиньо

for8

«Ливерпуль»дан «Барселона»га

Трансфер суммаси: 145 миллион евро

Бразилиялик ярим ҳимоячи бугунги кунда «Барселона» тарихидаги энг қиммат футболчи бўлиб турибди. 2018 йилда Коутиньо учун Каталония супер клуби 145 миллион евродан воз кечди. Ачинарлиси шундаки, у Эрнесто Вальверденинг ўйин схемасидан ўзи учун қулай жой топилмагани учун захирага михланиб қолди. Уни «Бавария»га ижара бериб юборишди. Коутиньо ЕЧЛни ютди ва ғолиб сифатида Каталонияга қайтди. Бу пайтда жамоа бошқаруви Роналд Куманга ўтган эди. Голландиялик мураббий ҳам Коутиньо учун қулайроқ позицияни бўшатиб бергани йўқ. Тўғриси, Фелиппенинг трансфер клуб тарихидаги энг ёмонларидан бирига айланиб бўлди.

Килиан Мбаппе

for9

«Монако»дан ПСЖга

Трансфер суммаси: 145 миллион евро

2018 йилнинг июль ойида Париж супер клуби 20 ёшли Килиан учун 145 миллион евро тўлади. Эътиборлиси шундаки, ушбу қарор ўзини ортиғи билан оқлади. Мбаппе келажаги порлоқ йигитчадан мега юлдузга айланиб бормоқда. Унинг ўйинларида барқарорлик мавжуд. У жанжалкаш эмас, ортиқча ўзига бино қўймаган. Ўз устида тинмай ишлаб келмоқда. Умуман олганда, Килиан яқин келажакда «Олтин тўп»ни қўлга киритиши мумкин бўлган номзодлардан бири. Унинг ПСЖ билан шартномаси 2022 йилда якун топади. Футболчи ҳозирча, ўз келажаги борасида фикр билдирганича йўқ. Шунга қарамай, хориж нашрлари уни «Ливерпуль» ёки «Реал Мадрид» сафига бориб қўшилиши ҳақида ёзишмоқда.

Неймар

for10

«Барселона»дан ПСЖга

Трансфер суммаси: 222 миллион евро

Жуда узоқ давом этган музокаралардан сўнг, «Барселона» ўз юлдузини ПСЖга сотиб юборишга рози бўлди. Шундай қилиб 2017 йилнинг ёзида Неймар 222 миллион евро эвазига Париж жамоаси аъзосига айланди. Бу трансфер кўплаб мутахассислар томонидан спорт оламидаги энг улкан воқеа, деб тан олинди. Неймар ўзи билан биргаликда ПСЖга гранд номини олиб келди. Ўтган мавсумда жамоа ЕЧЛ финалида иштирок этди, бироқ уни бой берди. Шунга қарамай, бразилиялик футболчининг трансферидан ПСЖ фақат ва фақат фойда кўрди десак, адашмаган бўламиз. Тўғри, совринлар кўп бўлмади, бироқ “Нейа” Париж клубининг бутун дунёдаги имижини кўтариб берди. Бугунги кунда ҳам ПСЖ юзи айнан Неймар бўлиб турибди!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Дилшод Даврлнов
03/01/2021 18:39
Янги йилда куп отилганми култамитсиндан Бир сарлавхани уч марта жунатибсиз Окасий