1212 та “шубҳали ўйин” аниқланди

Манбаларнинг таъкидлашича, 2022 йилда спорт мусобақаларида келишилганлиги шубҳа остига олинган учрашувлар сони 34 фоизга ошгани маълум қилинди.

Келишилганлиги гумон қилинаётган энг кўп учрашувлар Бразилияда қайд этилган бўлиб, 152 тани ташкил қилмоқда. Шулардан 139 таси футбол ўйинларига тўғри келади.

Бу кўрсаткич бўйича россияликлар 92 та шубҳали ўйин билан иккинчи ўринда қайд этилган. Учинчи қатордан 56 та кўрсаткич билан Чехия жой олди. Бу ҳақда Globo нашри келишилган ўйинларни аниқлашга ихтисослашган Sportradar компанияси маълумотларига таяниб хабар тарқатди.

Sportradar – қароргоҳи Швейцарияда жойлашган таҳлилий компания бўлиб, УЕФА ва ФИФА ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Бу компания замонавий технологиялар ёрдамида бутун дунё бўйича 70 та спорт туридан 850000 та учрашувларни таҳлил қилиб боради.

Келишилганлиги сезилган ва иштирокчиларга ташқи томондан таъсир ўтказилган баҳслардаги рад этиб бўлмас далиллар топилган ҳар бир учрашув “шубҳали ўйинлар” сифатида қайд этилади.

Ҳисоботдан маълум бўлишича, 2022 йилда “шубҳали ўйинлар” сони бўйича рекорд ўрнатилган. Барча спорт турларидан 1212 та баҳс  натижаси шубҳали бўлиб чиққан. Бу ҳолат футболда кўп кузатилди. Умумий кўрсаткичдан 775 та учрашув, яъни шубҳали ўйинларнинг 63,9 фоизи чарм тўп усталари ҳиссасига тўғри келади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!