Егор Кримец: "Брага» — Европадаги жиддий клублардан бири"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Хабарингиз бор, яқинда икки ўзбекистонлик футболчилар - Садриддин Ҳасанов ва Сайфиддин Содиқовлар Португалиянинг "Брага" жамоасига кўчиб ўтди. Ушбу ўтиш ва ҳозирда футболчиларимизнинг ҳолати ҳақида уларнинг агенти "ProSports Management"нинг Ўзбекистондаги вакили Егор Кримец билан боғландик.

— Егор, яқинда ProSports Management агентлигининг икки нафар аъзоси Садриддин Ҳасанов ва Сайфиддин Содиқовнинг Португалиянинг «Брага» клубига кўчиб ўтди. Уларнинг янги муҳитга мослашуви қандай кечмоқда?

— «Брага» — Европадаги жиддий клублардан бири. Клубда иш жараёнлари юқори даражада ташкил этилган ва улар йигитларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб, доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бунинг учун биз улардан жуда миннатдормиз.

Ҳозирда улар U-23 жамоаси билан йиғинда иштирок этишмоқда ва бир нечта ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишди. Ҳасанов шу ҳафта асосий жамоа билан ҳам машғулот ўтказди, «Порту» ёшлар жамоасига қарши сўнгги баҳсда эса жарима зарбасидан чиройли гол урди.

Содиқов эса, афсуски, машғулотлардан бирида енгил жароҳат олди. Бироқ у яқин кунларда умумий гуруҳ машғулотларига қайтиши кутилмоқда.

Компаниямизда бир қоида бор: Футболчи учун янги муҳитга мослашишдаги дастлабки 90 кун энг муҳим ва энг мураккаб давр ҳисобланади. Шу боис бу вақт давомида биз том маънода 24 соат давомида ҳам футболчилар, ҳам «Брага» раҳбарияти ва клуб ходимлари билан алоқада бўламиз. Ҳар куни улардан фикр-мулоҳаза ва маълумот олиб турамиз.

Шунинг учун Португалиядаги дастлабки кунларда улар билан агентлигимиз вакили ва ҳамкасбим Гриша Тихонов бирга бўлди. У маиший масалалар, ҳужжатларни расмийлаштириш ва барча ташкилий ишлар билан шуғулланди: SIM-карта олиш, банк ҳисоб рақами очиш, ҳалол таомланиш мумкин бўлган жойларни топиш ҳамда бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун қулай масканларни тавсия қилишгача.

Булар майда-чуйда масалалардек кўриниши мумкин. Аммо футболчиларнинг эътиборини машғулотлардан чалғитмаслик учун бундай ишлар ўз вақтида ҳал қилиниши жуда муҳим.

Йигитларни жамоадошлари ва мураббийлар штаби жуда илиқ кутиб олди. Яқинда бутун жамоа шаҳар ташқарисига биргаликда дам олиш учун борди. Бу уларнинг шериклари билан яқинроқ танишиши ва жамоага тезроқ мослашишига ёрдам берди.

Тилга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ кўп нарсани тушунишни бошлашган.

Олдинда уларни бутун бир мавсум кутмоқда. Ривожланиш учун ажойиб шароитлар, юқори савиядаги футбол ва кучли рақобат мавжуд. Мен улар ўзларини муносиб тарзда намоён эта олишларига ишонаман.

— Сўнгги ўйинлардан бирида сизни хорижлик скаут билан бирга кўришди. У ким экани ҳақида гапириб берсангиз?

Ўзбекистондаги айрим ҳамкасбларимиз ОАВ билан бўлган махсус муносабатларидан кўпинча ортиқча фойдаланишади. Бунинг ўзи, эҳтимол, жиддий муаммо эмасдир. Бироқ бундай ҳолатлар вазиятни нотўғри тарзда акс эттиради ва футболчиларнинг ўзида ҳам асоссиз кутилмаларни шакллантиради.

Биз эса ProSports Managementда бошқача тамойилга амал қиламиз. Келишувлар тўлиқ якунланмагунча бундай маълумотларни оммавий ахборот воситаларига чиқаришни маъқул кўрмаймиз. Бу, бир томондан, профессионал иш этикаси билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, айрим ҳолларда махфийлик тўғрисидаги келишувлар (NDA) талабларига риоя қилиш зарурати ҳам мавжуд.

ProSports Managementнинг асосий вазифаси — ўзбек футболчилари учун хорижга йўл очиш, уларни халқаро бозор билан боғловчи кўприк бўлишдир. Шунинг учун ҳам келгусида яна кўплаб футболчиларнинг хориж клубларига трансфер қилинишига ҳисса қўшишга умид қиламиз", - деди Кримец.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!