15 май куни ОФКнинг “Оммавий-болалар футболи куни”га бағишланган фестивал бўлиб ўтади
Ads

 

2018 йил 15 май куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг сунъий қопламали майдонларида умумтаълим мактабларининг 2009 йилда туғилган ўғил болалар ҳамда 2007 йилда туғилган ўқувчи қизлар ўртасида ОФКнинг “Оммавий болалар футболи куни”га бағишланган фестивал бўлиб ўтади.

Фестивал давомида ёш иштирокчилар майдонда ўзларининг маҳоратларини намойиш этадилар. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинадилар ва ҳар бир гуруҳга алоҳида мураббий тайинланади. Сўнгра ҳар бир гуруҳ ўзига ажратилган махсус жиҳозланган жойларга бориб, мураббийлари билан биргаликда эстафета, тўп муомаласи, тўпни қўлда ўйнаш, югуриш ҳамда тўп назорати бўйича  машғулотлар ўтказишади.

Футбол фестивали давомида мураббийлар иштирокчиларни футболнинг сир-асрорлари билан таништиришади. Тадбир сўнгида иштрокчилар сертификат билан тақдирланадилар.

Қайд этиш зарурки, бундай тадбирлар ёш спортчиларга катта спортга ўзларининг илк қадамларини қўйишларида ҳамда бўлажак мусобақаларга тайёрланишларида дастурул амал бўлиб хизмат қилади.

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Ўзбекистон иккинчи маротаба “Футбол дўстлик учун” кенг қамровли ижтимоий лойиҳасида иштирок этади. Ушбу лойиҳа доирасида бутун дунё бўйлаб “Футбол ва дўстлик” куни нишонланади. Бутун дунё болалари ва уларнинг ота-оналари ушбу байрам муносабати билан ўтказиладиган футбол билан боғлиқ турли тадбирларда қатнашадилар.

Тошкентда “Футбол ва дўстлик” куни ОФКнинг “Болалар оммавий футболи куни”га бағишланган футбол фестивали доирасида ўтказилади.

Ушбу футбол фестивалида “Футбол дўстлик учун – 2018” дастурининг Ўзбекистондаги ёш элчилари — “Бундёкор” футбол мактабининг ўқувчиси, дарвозабон Муслим Абдуманнопов ҳамда ёш журналист Мардон Маърупов иштирок этадилар.

Тадбир сўнггида ёш элчи ҳамда журналист фестивал давомида танишган кўплаб дўстларининг қўлларига дўстлик боғичларини тақиб қўядилар.

Эслатиб ўтиш жоизки, “Футбол дўстлик учун” болалар ижтимоий лойиҳаси “Газпром”нинг “Газпром - болаларга” дастури доирасида ташкиллаштирилади. Ушбу лойиҳанинг мақсади – болалар футболини ривожлантириш, бағрикенглик туйғусини шакллантириш, турли мамлакат ёшлари ўртасида дўстлик ўрнатишдир. Иштирокчилар тарғиб қиладиган асосий қадриятлар – дўстлик, тенглик, адолат, сиҳат-саломатлик, тинчлик, садоқат, ғалаба ва урф-одатлардир.

Минбар

Барча блоглар