17 ёшли бақувват футболчимиз Ҳусанов ортидан боради!

TIGGO 2 PRO

Кейинги йилларда Ўзбекистондан кўплаб истеъдодли футболчилар етишиб чиқмоқда. Турли ёшдаги терма жамоаларимиз қитъа ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли қатнашмоқда.

Бунинг ортидан халқаро футбол жамоатчилиги кўплаб истеъдод эгаларини кашф қиляпти. Хусусан, “Манчестер Сити”га йўл олган Абдуқодир Ҳусанов, ЦСКА юлдузига айланган Аббосбек Файзуллаев, “Брентфорд”да тажриба оширган Муҳаммадали Ўринбоев, “Леганес”да испан футболини ўзлаштираётган Лазизбек Мирзаев каби ёшлар ана шундай футболчилар тоифасидандир.

Саудия Арабистонидан ўтказилаётган 17 ёшгача футболчилар иштирокидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон U-17  терма жамоаси сафида янги юлдузлар чақнай бошлади. Жамоа сардори Мўминхон Баҳодирхонов ёрқин ўйинлари билан мухлису мутахассислар эътиборини қозонди.

Осиё футбол конфедерациясининг расмий the-afc.com сайти ўзбекистонлик ўйинчининг салоҳиятини юқори баҳолаб, Баҳодирхонов ҳақида қизиқарли маълумотларни эълон қилди.

Sports.uz портали ушбу мақолани ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.

- Ўзбекистон терма жамоаси сардори Мўминхон Баҳодирхонов ёрқин ўйинлар унинг фаолиятини янада юқорига кўтаришини билган ҳолда, Саудия Арабистони мезбонлик қилаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида яхши таассурот қолдириш учун бор имкониятини ишга солмоқда.

Жисмонан бақувват футболчи Таиланд ва Хитойга қарши беллашувларда тўлиқ ўйнади. Ўзбекистон терма жамоаси ҳар икки баҳсда ғалаба қозонди ва биринчилардан бўлиб кейинги босқичга чиқди ҳамда 2025 йили Қатарда бўладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

17 ёшли Баҳодирхонов беллашувларда жуда ишончли ҳаракат қилмоқда ва юқори савияда ўйнашни давом эттиришни мақсад қилган.

“Бу турнирда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган жамоага сардорли қилиш мен учун жуда катта шараф ва масъулият. Мен нималарга қодирлигимни кўрсатиш учун бор имкониятимни ишга соламан, чунки стадионларда ўйинчиларни кузатиб бораётган скаутлар кўп. Бу бизга назарга тушиб, катта жамоаларга йўл олиш имконини беради”, - дейди Баҳодирхонов.

Ёш футболчи “Манчестер Сити”га йўл олган ҳамюрти Абдуқодир Ҳусанов муваффақиятларидан илҳомланяпти. 21 ёшли Ҳусанов Англия Премьер-лигасида ўйнаган биринчи ўзбек сифатида тарих саҳифаларидан жой олди.

Атиги икки йил аввал Ҳусанов ҳам 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида ўйнаган ва жамоасининг муҳим ўйинчиси сифатида ўз истеъдодини намоён қилганди.

“Ҳусанов биз учун Европага йўл оча олади. Насиб қилса, икки-уч йилдан кейин биз у билан Европанинг энг кучли лигаларида ўйнаймиз”, - дейди Мўминхон Баҳодирхонов.

Отасининг қўллаб-қувватлаши ортидан Европага кетиш орзусига интилаётган Мўминхон учун Саудия Арабистонидаги бу мусобақа ўзига хос трамплин вазифасини ўтайди.

“Бош мақсадимиз – 17 ёшгача бўлган футболчилар иштирокидаги жаҳон чемпионатига чиқиш эди. Биз Саудия Арабистонидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиқиб, мухлисларимизга хурсандчилик улашмоқчимиз”, - деди Мўминхон Баҳодирхонов, - деб ёзмоқда ОФКнинг расмий www.the-afc.com сайти.

Шу иш амалга ошса, Ҳусанов Ямал билан бирга ўйнайди!

Ана холос: Ҳусановни қўллаб келган Холанд тез орада “Сити”дан кетадиган бўляпти

“Рома” фанатлари суперголдан кейин Шомуродов ҳақида нималар деяпти?

Шомуродов “топ-3”да! Элдор керакмас ўйинчидан қаҳрамонга айланди
Шомуродов “қурбонлари” қаторига “Ювентус”ни ҳам қўшди! Элдор қайси жамоаларга нечта гол урган?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!