2:0 дан кейин ҳисоб 2:2 га ўзгарган "Андижон" - "Қизилқум" беллашуви ҳақида
“Андижон” клуби Тошкентдаги ёзги йиғини доирасида олдиндан режалаштирилганидек, Навоийнинг “Қизилқум” жамоасига қарши назорат учрашувини ўтказди. Ёдингизда бўлса, “Андижон” илк ўйинини 16 июль куни “Арал”га қарши баҳсда рақибини 5:0 ҳисобида тор-мор келтирганди. “Қизилқум”ни эса бу Тошкентдаги ёзги йиғиндаги биринчи ўртоқлик учрашуви эди.
Ўйинни иккала жамоа эҳтиёткорлик билан бошлади. Лекин тўп назорати бўйича устунлик “Бургутлар” томонида эди. Учрашув мобайнида жамоаларда яққол голли имкониятлар бўлмади. Аммо бўлим охирларида "Андижон" аъзоси Вагиз Галиулин стандарт вазиятдан унумли фойдаланиб қолди. Жарима майдонининг чап қисми тарафидан белгиланган жарима зарбасини Вагиз қойилмақом тарзда бажариб ҳисобни очишга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлимда табиийки, жамоалар таркибларида ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, “Андижон” таркиби тўлиқ ўзгартирилди. Иккинчи бўлимни ҳам андижонликлар яхши бошлади ва 53-дақиқада иккинчи гол урилди. Муҳаммадкарим Тоировнинг пасидан кейин ҳужумчи Рустам Турдимуродов ўзи учун яратилган қулай имкониятдан фойдаланди.
Ҳисоб 2:0 кўринишига келгач, рақиб жамоа аъзолари кескин ҳужумлар уюштира бошлади. Албатта, дарвозабон Элдор Адҳамов айрим вазиятларда жамоани қутқарди. Лекин “Қизилқум” футболчилари барибир жавоб голларини киритган ҳолда мувозанатни тикладилар. Аввалига Муҳаммадали Ғиёсов ҳисобни қисқартирган бўлса, беллашув охирларида Файзулло Қамбаров боши билан гол муаллифига айланган ҳолда ҳисобни тенглаштирди.
"Андижон" навбатдаги учинчи ўртоқлик учрашувини энди 24 июль куни “Пахтакор”га қарши ўтказади.
“Андижон” – “Қизилқум” – 2:2 (1:0).
20 июль. Тошкент. “Дўрмон” спорт қароргоҳи майдони.
Ҳакамлар: Аҳрол Рисқуллаев, Алишер Усмонов, Санжар Шоюсупов.
Назоратчи: Константин Смирнов.
“Андижон”: Игорь Литовка, Илҳом Алижонов, Ислом Маматказин, Илдар Маматказин, Абдулвоҳид Ғуломов, Фарҳод Бекмуратов, Леван Арвеладзе, Илҳом Абдуғаниев, Вагиз Галиулин, Абинур Нуримбет, Шахром Самиев.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Элдор Адҳамов, Владимир Бубанья, Муҳаммадкарим Тоиров, Рустам Турдимуродов, Сардор Азимов, Фарҳод Соҳибжонов, Бектемир Абдуманнонов, Абдураҳмон Комилов, Саидмурод Каримов, Шохжаҳон Ёрқинбоев, Лука Згурский.
"Қизилқум": Хумоюншоҳ Сайётов, Илҳом Ваҳобов, Файзулло Қамбаров, Абдуҳолиқ Турсунов, Азизбек Усмонов, Бекзод Саидов, Хумоюн Абдуалимов, Руслан Хайлоев, Асад Асадов, Диёр Раҳматиллоев, Муҳаммадали Ғиёсов.
Голлар: Вагиз Галиулин, 41 – 1:0. Рустам Турдимуродов, 53 – 2:0. Муҳаммадали Ғиёсов, 73 – 2:1. Файзулло Қамбаров, 86 – 2:2.
Фикрлар