2023 йилда гол ўтказиб юбормаган Аргентина ниманинг эвазига бу даражага чиқди?

Аргентина 2023 йилда хали гол ўтказиб юборгани йўқ. Терма жамоа эмас, ҳақиқий жамоага айлана олди "альбисилесте".  Кристиан Ромеро, Николай Отаменди ҳамда Эмилиано Мартинеснинг бунда ўрни катта. Гарчи, Дибу ўзининг ғалати феъл-атвори ҳамда провокацион ҳаракатлари билан кўпчиликда салбий образ сифатида таассурот қолдирган бўлса-да, у топ дарвозабон. Ромерони эса айни формасида энг кучли беш мудофаа вакилидан бири, дея оламан. 

Кечаги таркибда 7 футболчи АПЛдан эди. Энг кучли чемпионатдан 7 футболчи бир терма жамоада борлиги - яхши устунлик. Мессини борлиги уларни яна бир даража юқорига кўтарса, Скалони шакллантириб келаётган тажовузкор футбол + креативлардан максимал фойдаланаётган услуби бу термани мукаммалга яқин даражага олиб чиқди. 

Нега мукаммалга яқин деяпман. Жамоа 4 йил ичида 51 та ўйин ўтказиб, бир маротаба мағлуб бўлди. Жуда кам гол ўтказяпти. Қуп-қуруқлар сони жуда кўп. Таркиб эътибори билан жанубий америкаликлар Франция, Бразилия, Англия ёки Португалиячалик "звер" эмас. Бироқ услуб ва шу услуб ичида яшаётган футболчилар бир мушт бўлиб, ўтган-кетганни савалаб ташлаяпти. 

Бу ердаги футболчиларнинг аксари клубларида кўринмий ҳам қолади. 35 га кирган Отаменди, "Лион" билан қўшилиб чўкаётган Тальяфико, "Атлетико"да асосий таркибга киришга қийналаётган Де Пауль, ваҳимаси бир олам-ку, аммо кутилган натижани бера олмаятган Энцо, хуллас, улар бу ерда бошқа "левел"да ҳаракат қилади. Бир Лионель ўзини маҳорати билан термага катта фойда келтираётган бир пайтда бошқа бир Лионель қолган футболчиларга шакл-шамойил бериш билан банд. Зўр сайқаллаяпти. Ҳақиқатдан ҳам натижа мураббийнинг "масаллиқ"дан фойдалана олиш маҳорати ва айни вазиятга мос футбол фалсафасидан далолат. 

"2022'даги натижа бу бир омад эди",  дейдиганларга улар нималарнидир исботлаш билан банд. "2026'да ҳам қўрқитамиз ҳаммани", деяпти бу жамоа.

 

                             Худайқулов Карим мақоласи 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Muhammad Shox
18/10/2023 21:01
+++