22-турнинг суперфутболчилари кимлигини билдингизми?
Суперлиганинг 22-тури деярли тугади ва фақат битта ўйин қолди. “Навбаҳор” – “Насаф” ўйини 30 октябрь куни бўлиб ўтади. Бўлиб ўтган 6 та жуфтликнинг суперфутболчилари маълум бўлди. Қуйида шу хусусида сўз юритилади.
“Қизилқум” – ОКМК – 1:2. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Муҳаммаданас Ҳасанов
Суперлиганинг 22-турига 12 октябрда старт берилгани ёдингиздадир. Ўшанда Навоийда “Қизилқум” ҳамда ОКМК клублари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтганди. Мезбонлар гарчи ҳисобни очишган бўлса-да, ўшанда олмалиқликлар ўйин охиригача иккита гол уриб иродали ғалабани илиб кетдилар. Айниқса, 70-дақиқада Муҳаммаданас Ҳасанов ўта муҳим голни урди. У ҳисоб 1:1 бўлиб турганида ОКМКнинг иккинчи голига муаллифлик қилди ва натижада олмалиқликлар қимматли уч очкони қўлга киритдилар. Ҳасанов эса энг яхшиси бўлди.
“Металлург” – “Бухоро” – 0:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Иззатилла Пўлатов
Лигада қолиш учун жон-жаҳди билан курашаётган “Бухоро” бу турда сафарда бир очкога эга бўлди. “Металлург”га қарши учрашувда ҳисоб очилмади – 0:0. Мезбонлар пенальтидан фойдалана олмаганини ҳисобга олсак, “Бухоро” учун мағлубиятдан кўра дуранг ҳам чакки эмас. Айниқса, меҳмонларнинг қанот ҳимоячиси Иззатилла Пўлатов жамоадошларидан ажралиб турди. Натижада ушбу ёш иқтидор эгаси ўйиннинг энг яхши футболчисига айланди.
“Пахтакор” – “Турон” – 3:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Дилшод Саитов
Амалдаги чемпионнинг аутсайдерга қарши баҳсида таъбир жоиз бўлса, деярли ҳеч ким турнир карвонбошисининг ғалабасига шубҳа қилмаган бўлса керак-а? Амалда ҳам шундай бўлди ва “Шерлар” рақиб дарвозасига жавобсиз учта гол уришга муваффақ бўлдилар. Ўйиндаги голлар ҳисобини Дилшод Саитов узоқ масофадан ўзининг аниқ ва чиройли зарбаси билан очиб берди. Учрашувдан сўнг “Пахтакор” бош мураббийи Максим Шацких ҳам Саитовни алоҳида эътироф этиб ўтди. Дилшод шу куни “Шерлар” сафидаги энг яхши “Шер” бўла олди.
“Олимпик” – “Бунёдкор” – 1:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Даврон Эргашев
Тошкент дербисида кучлар тенг келди ва ғолиб аниқланмади. 1:1 ҳисобида якунланган баҳсда “Бунёдкор” сардори Даврон Эргашев ҳар томонлама фаоллигини намойиш қилди. Тожикистонлик легионер ҳақли тарзда “Бунёдкор”нинг энг яхшиларидан бири ва бу ҳолат “Олимпик”га қарши учрашувда яна бир бор кўзга ташланди. Айниқса, учрашувни деярли бир футболчи кам бўлиб ўтказган “Бунёдкор” 90-дақиқада айнан Эргашевнинг голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолдилар.
“Нефтчи” – “Сурхон” – 1:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Артём Потапов
“Сурхон” клубининг россиялик посбони Артём Потапов аллақачон савияси юқори футболчи эканини амалда исботлаб бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. “Сурхон”нинг яхши топилмаларидан бирига айланган 29 ёшли легионер “Сурхон” сардори сифатида ўзини кўрсатишда давом этяпти. Дарвозабон ярим жамоа, деган иборани Потапов мисолида яна бир бор кўриш мумкин. “Сурхон”нинг 22-турда Фарғонада “Нефтчи”га қарши беллашувида яна бир карра россиялик Артём Потапов маҳоратини кўрсатди. У рақибнинг қатор хавфли ҳужумларини бартараф этиб, жамоасини голлардан қутқарди. Меҳмонда қимматли бир очко қўлга киритилишида унинг ҳиссаси катта. Бежизга у учрашувнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилгани йўқ.
“Сўғдиёна” – “Андижон” – 1:2. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Рубин Хебай
“Андижон”нинг албаниялик ҳужумчиси Рубин Хебай яна эътибор марказида. Ўтган турда “Пахтакор” дарвозасига супергол урган ва ўйиннинг энг яхшисига айланган футболчи бу сафар Жиззахда ҳам ўз ишини қойилмақом тарзда бажарди. Гол урди ва беллашувнинг энг яхшиси бўлди. Рубин пенальти ишлаган вазиятда фаол ўйнади ва жамоадошини жуда қулай вазиятга чиқарди. Мезбонлар вакили эса рақибини йиқитишдан бошқа чора топа олмади. Хебай пенальтини паненка услубида чиройли тарзда бажарди. Бутун баҳс мобайнида Рубин катта ҳажмдаги ишни бажарди. Нафақат ҳужумда, балки керак бўлса ҳимоячиларга ҳам ёрдам беряпти ва майдоннинг ҳар бир ерида Хебайни кўриш мумкин. Ҳар бир ўйинда албан йигити шундай ўйнаяпти. Қолаверса, у энди Суперлигада 12 та гол билан яққол тўпурарга айланиб олди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар