"3 кун давомида ёмон ҳолатга тушдим". АГМКни тарк этган Филипосян энди қаерда ўйнайди?
Янги мавсумга тайёрланаётган АГМК таркибида айрим ўзгаришлар юз бераётганидан бохабар бўлсангиз керак. Янги футболчилар қўшиляпти, бошқалари кетяпти.
Жамоа билан хайрлашган футболчилар орасида Артём Филипосян ҳам бор. Ўтган йилнинг иккинчи ярмида АГМКга қўшилган тажрибали ҳимоячи ҳамма қатори ўз клуби билан чемпионатга тайёргарлик кўраётганди. Бироқ кейин вазият ўзгариб, футболчи АГМКни тарк этишга мажбур бўлди. Бу унинг хоҳиши эмасди.
- АГМКдан кетишингизни кутмагандик. Нима учун бундай бўлганини тушунтириб берсангиз.
- Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам вазият шундай бўлишини кутмагандим. АГМК жамоасига яхши ниятлар билан келгандим. Осиё Чемпионлар лигасига чиқиш вазифаси қўйилганди. Бу мақсадни уддаладик. Шартномани бир ярим йилга қўйгандим. Декабрь ойида менга бошқа клублардан таклифлар келиб тушганди. Аммо бу таклифларни кўриб ҳам чиқмадим. Чунки АГМК билан совринли ўринлар учун курашмоқчи эдим ва ОЧЛда қатнашиш ниятим бор эди. Нимага шундай бўлганига ҳайрон қолдим.
- Кейинги режангиз қандай? Аниқ таклифлар борми?
- Тўғрисини айтсам, кутилмаган ҳолат бўлди. Бирорта футболчи билан шу нарсани бўлишини истамайман. Мен 3 кун давомида ёмон ҳолатга тушдим. Энди ўзимга келдим. Ҳозир уйдаман, оилам билан биргаман. Якка тартибда машғулотларни бошладим. Таклифлар қандай бўлиши мумкин? Чемпионат бошланишига 15 кун қолганида жамоа мен билан хайрлашди. Ҳамма клублар ўйинчилар билан тўлиб бўлди. Таклиф бўлишини кутиш жуда қийин масала. Чунки ҳамма жамоа керакли ўйинчиларни олиб бўлган. Барча нарса Аллоҳдан, сабр қиламан, вакт кўрсатади.
- АГМКга ўтган йил ярмидан қўшилгандингиз. У ердаги фаолиятингизни қандай баҳолайсиз?
- Фаолиятим ҳақида ҳеч нарса айта олмайман. Чунки АГМК таркибида 6 ой ўйнадим. Хурсандчилик томони 4-ўринни олиб, Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритдик ва бунга ўз ҳиссамни қўшганимдан хурсандман.
- Балки яна легионерга айланишга улгурарсиз...
- Ҳозирча уйдаман, нима бўлишини вақт кўрсатади. Бирор нима дейиш қийин. Легионер сифатида четга чиқишга ҳам энди кеч бўлди.
- Барибир бирор клубга ўтишингизга ишоняпсизми?
- Ҳозирча ўзимни яхши ҳис қиляпман. Ҳаммаси Худодан. Мендан фақат ҳаракат ва меҳнат.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар