30 март санасида яна "Бургутлар" ва "Аждарлар" тўқнашганда ёхуд "Бобур Арена"да катта ўйин!
30 март оқшомида иккита ўйин бор. Бири Тошкентда бўлса, яна бири Андижонда. Пойтахтда “Пахтакор” уйида “Сўғдиёна”ни меҳмон қилади. Водийда эса “Андижон” ўзининг ёқимли аренаси бўлмиш – “Бобур Арена”да “Насаф”ни қабул қилади. Айниқса, Андижонда бўлиб ўтадиган учрашув турнинг марказий баҳсига айланиши учун сабаблар етарли.
“Андижон” ҳам, “Насаф” ҳам, чемпионатни бир хил бошлашди. Дастлабки 3 та турдан сўнг 2 тадан ғалаба ва 1 тадан дуранг қайд этдилар. Эътиборлиси, Суперлигада ҳозирча энг кўп гол урган жамоа “Андижон” бўлиб турибди. Дастлабки турда 0:0 ўйнаган бўлса, кейинги иккита турда рақиблар дарвозасига 8 та тўп киритишни уддалади. Бу чиндан ажойиб кўрсаткич. “Насаф”да эса 4 та гол бор. Биласиз, “Насаф”нинг олдига чемпионлик вазифаси қўйилган. Шу боис уларда масъулият ва ўзига яраша босим ҳам мавжуд. “Андижон”да эса бундай эмас, жамоа ҳеч қандай босимларсиз ўйнаётгани ҳам уларга қайсидир маънода қўл келмоқда. Қолаверса, Ўзбекистондаги энг сифатли ва ашаддий мухлислар Андижонда эканини ва айниқса, “Бобур Арена”даги европача муҳитни тасаввур қиладиган бўлсак, бу ўйин куни мезбонларга қўшимча куч ҳамда мотивация бағишлаши бор гап.
“Андижон” – “Насаф” жамоаларининг ўзаро ўйинлар тарихи 1997 йилнинг 30 мартидан бошланган. Орадан 27 йил ўтиб, яна 30 март санасида ушбу клублар ўзаро 45-ўйинда майдонга тушишади. Илк беллашувда дарвозалар дахлсиз қолган – 0:0. “Андижон” “Насаф” устидан илк ғалабасини 1998 йилнинг 28 сентябрь куни нишонлаган. Олтинкўлдаги стадионда ўтказилган баҳсда андижонликлар 6:0 ҳисобида рақибини тор-мор келтиришган. Умумий кўрсаткич бўйича “Насаф” олдинда. Шу кунгача ўтказилган 44 та учрашувнинг фақат 7 тасида “Андижон”нинг қўли баланд келган. “Насаф” эса 27 та ўйинда ғолиб чиққан. 10 та баҳс дуранг натижа билан якун топган. Тўплар нисбати 49-94 “Насаф” фойдасига.
Ёдингизда бўлса, ўтган йили мавсумнинг очилиш ўйинида иккала жамоа Қаршида тўқнашишганди. Ўшанда “Андижон” охирги дақиқаларда Сардор Абдунабиевнинг супер голи эвазига “Насаф” майдонидан ғалаба билан қайтган. Иккинчи даврада Андижондаги учрашувда ҳисоб очилмаган.
“Андижон”нинг янги легионерларидан бири тожикистонлик Шахром Самиев ўтган турда қизил карточка олганлиги сабабли бу сафар жамоасига ёрдам бера олмайди. “Насаф”да эса дисквалификацияга учраган ўйинчи – бу Баҳодир Халилов.
“Андижон” ва “Насаф” ўртасидаги бу сафаргиси оддий ўйин бўлмайди. Стадионда ҳақиқий жанг кечади. Жамоалар шубҳасиз ғалаба иштиёқида бўладилар. Стадиондаги муҳитнинг ўзиёқ футболчиларни ўйнатиб юборади, ишонаверинг. “Бобур Арена”даги юқори атмосфера фонида ўйин “ёнади”.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар