35 ёшли Маскерано яна Аргентина терма жамоасига қайтади
Ads

Хитойнинг "Хэбэй Чайна Форчун" клубида фаолият олиб бораётган ярим ҳимоячи Хавьер Маскерано яна Аргентина терма жамоасига қайтишга қарор қилди. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.

Юқоридаги манбаага кўра 35 ёшли футболчи Аргентина футбол ассоциацияси президенти Клаудио Тапиа билан бўлган суҳбатдан сўнг терма жамоага қайтишга рози бўлган. Унга кўра Маскерано жорий йилнинг 26 июлидан  11 августигача Перуда бўладиган Панамерика ўйинларида “альбасетлар” сафида ўйнамоқчи. Таъкидлаш керакки, ушбу мусобақада ҳар бир терма жамоада 23 ёшдан катта бўлган фақатгина 3 нафар футболчи иштирок этиши мумкин.

Маълумот учун, Маскерано Аргентина терма жамоасида энг кўп ўйин ўтказган футболчи ҳисобланади – 147. У ўтган йили Россияда бўлиб ўтган ЖЧ-2018дан сўнг терма жамоадаги фаолиятини якунлаган эди.