Элдор кўп гол уряпти! Суперклубга Шомуродовни олишни тавсия қилишди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовнинг жорий мавсумдаги сермаҳсул ўйини экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Ўзбек ҳужумчиси турк футболи учун ҳақиқий топилма бўлди. “Истанбул Башакшеҳир” бир йил аввал тажрибали форвардни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан “Рома”дан ижарага олган эди.

Элдор истанбулликларнинг ишончини тўлиқ оқлади. Ўтган мавсумда Шомуродов Суперлигада 34 та учрашувда рақиблар дарвозасини 22 маротаба ишғол қилиб, нигериялик ҳужумчи Поль Онуачу билан бирга чемпионат тўпурари бўлди.

“Башакшеҳир” жамоанинг Суперлигада бешинчи ўринни эгаллашига катта ҳисса қўшган Шомуродовни бу ёз тўлиқ трансфер қилди. Пол Онуачудан фарқли равишда ўзбек ҳужумчиси янги мавсумни ҳам самарали бошлади.

Шомуродов чемпионатнинг дастлабки тўрт учрашувининг ҳар бирида рақиблар дарвозасини ишғол қилди ва бу мавсум ҳам “Олтин бутса” учун курашмоқда.  

Тўртинчи турда “Башакшеҳир” ўз майдонида амалдаги чемпион “Галатасарой” билан куч синашди. Бу нафақат икки Истанбул дербиси, балки икки тўпурар – Виктор Осимхен ва Элдор Шомуродовнинг бзма-юз тўқнашуви ҳам бўлди.

“Галатасарой”нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашувда Осимхен ҳам, Шомуродов ҳам ўз жамоасининг биринчи голига муаллифлик қилди. Чемпионат бошланганидан бери ҳар бир учрашувда тўп киритишни фақат мана шу икки футболчи уддалаб келаётгани ҳам уларнинг маҳоратидан далолат беради.

Ўзаро баҳсда Осимхен жароҳат олди ва биринчи бўлимнинг ўзидаёқ майдонни тарк этди. Айнан мана шу ҳолат “Галатасарой” нигериялик юлдузнинг ўрнини босишга қодир ҳужумчи топиши кераклиги ҳақидаги ҳолатни кучайтириб юборди. Анчадан бери Европа ва Саудия Арабистонининг бадавлат клублари Осимхенга оғиз солмоқда. Клуб ҳужумчининг кетишига тайёрланяпти ва унга ўринбосар топиши керак. Осимхеннинг жароҳат олгани чемпион жамоага Чемпионлар лигаси ва Суперлиганинг муҳим ўйинлари олдидан қўшимча муаммо туғдиради.

Шу боис, A Spor телеканали шарҳловчиси ва футбол эксперти Левент Тюземен “Галасарой” клуби раҳбариятига Осимхенга ўринбосар сифатида кўп гол ураётган Элдор Шомуродовни зудлик билан ижарага олишни тавсия қилди.

Бу маълумотларни Осимхеннинг ватанидаги нуфузли манба – Нигериянинг Daily Post нашри ҳам тасдиқлади.

Аслида 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин Элдор Шомуродовнинг келажагини Россия, Саудия Арабистони, Туркиянинг бир неча клублари билан боғлашди. Улар орасида “Трабзонспор” ўзбек ҳужумчини олиш учун бир неча вариантларни кўриб чиқди. Бироқ сўнгги маълумотларда “Башакшеҳир” ўзбек футболчиси учун талаб қилаётган бадал пули миқдори даъвогар клубларга оғирлик қилгани таъкидланди.

Энди эса, Шомуродов олдида яна янги вариант пайдо бўлди. Лекин бу кўп жиҳатдан Виктор Осимхеннинг жароҳати қай даражада жиддий экани ва соғлиғида муаммо бўлмаса, фаолияти қаерда давом эттиришга қарор қилишига боғлиқ бўлади. Шунда ҳам бу трансферни қишда амалга ошириш мумкин холос. 

Нега фарқ ўта катта? Ҳусанов ва Сатпаев маошини солиштиришди

Рақиб мураббийи Шомуродов ҳақида қаттиқ гапирди!

Ўзбек футболчиси нега Россияни тарк этди?

Жойи ўзгарган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!