5 та чемпионлик камари ёхуд Термиздаги халқаро турнирда вакилларимиз қандай иштирок этди (барча натижалар)

  • 26 май, 2021, 12:01
  • Javokhir Azimov
  • 0
  • MMA
BEPUL PROPAN

Хабарингиз бор, Термиз шаҳри ММА бўйича йирик халқаро турнирга мезбонлик қилди. Қўшни мамлакатлар Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Афғонистондан ташриф буюрган спортчилар ўзбек жангчиларига қарши октагонга кўтарилди. Мазкур тўқнашувларнинг баъзиларида вакилларимиз ғалаба қозонган бўлса, яна баъзи жанглар меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди. Шундан ҳам кўриниб турибдики, ушбу кеча фақатгина ўзбек спортчилари учун ташкил этилмаган. Аксарият беллашувлар тенг курашлар остида, ҳар икки томоннинг назорати билан ўтди ва якунда кучини тўғри тақсимлай олган профессионалга омад кулиб боқди.

Қуйида жанг натижалари билан қисқача таништириб ўтамиз:

61.2 кг вазн тоифасида Абдураҳмон Юнусов  (ТЖК) - Алишер Қўчқоров (ЎЗБ) жангида меҳмон спортчи ғалаба қозонди. Кейинчалик, бу ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлди.

52.2 кгда юртимиз шарафини ҳимоя қилган  Шерали Кенжаевафғонистонлик Ғуломқодир Баигзодага қарши октагонга кўтарилди ва биринчи раунддаёқ ғалабани ўзиники қилди. Эътиборлиси, Кенжаев ўзининг ММАдаги дебют жангида зафар қучди.

Худди шу вазнда афғонистонлик Курбани Раҳматуллоҳ ва ўзбек спортчиси Раҳимжон Ражабалиев ўртасидаги тўқнашув ҳам узоққа чўзилмади. Нисбатан тажрибали бўлган Ражабалиев ёш рақибини 1 раунддаёқ мағлуб этди.

Вазни 61.2 кг бўлган спортчилар ўртасидаги баҳсда Афғонистон шарафини ҳимоя қилган Мажроҳ Эзатуллоҳ Карим Каримов устидан ғалаба қозонди. Жанг якунига 1 дақиқадан камроқ вақт қолганида рақибининг зарбалар сериясига тушиб қолган спортчимиз жангни тўхтатишга мажбур бўлди.

Айнан ушбу вазнда афғонистонлик Мангал Аисагул ўзбек спортчиси Шоҳруҳ Ҳалимовга қарши октагонга кўтарилди. Қолган жанглардан фарқли ўлароқ, бу тўқнашув иккинчи раундга қадар чўзилди ва унда меҳмонлар вакили бўғиш услуби эвазига ғалабани қўлга киритди.

65.7 кг вазн тоифасида афғон жангчиси Ализода Ҳасибуллоҳга қаршилик кўрсатган вакилимиз Иброҳим Қудратов мухлислар ишончини оқлади. Тўлиқ давом этган жангда вакилимиз ҳакамларнинг якдил қарорига кўра ғалаба қозонди.

Шу вазнда бўлиб ўтган яна бир баҳс Афғонистондан ташриф буюрган Жаҳонгир Абдулғаффор ҳамда маҳаллий спортчи Элбек Мисиров ўртасида кечди. "Бойка" лақаби билан танилган ҳамюртимиз ушбу жангни илк раундда ўз фойдасига ҳал этди.

Вазни 70.3 кг бўлган жангчилар беллашувида тожикистонлик Бахтовар Олимов Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳбоз Собиров билан жанг қилди. Иккинчи раундда рақибининг бўғиш услубига тушиб қолган Собиров жангни тўхтатишга мажбур бўлди.

Худди шу вазнда афғонистонлик Алиҳил Сафиуллоҳ юртимиз шарафини ҳимоя қилган Беҳзод Неъматовга қарши октагонга кўтарилди. Катта қизиқишга сабаб бўлган жанг Неъматовнинг ғалабаси билан якунланди.

77.1 кг вазн тоифасида Қирғизистондан ташриф буюрган Санжар Ажибоев ўзбекисонлик Баҳром Қосимов билан ўзаро муносабатларга ойдинлик киритиб олди. Биринчи раундда Қосимовни оёқ билан бўғиш услубига олган Санжар ғалабани ўзиники қилди.

термиз мма1

Мазкур вазнда октагонга кўтарилган қирғизистонлик Нурбек Жинтайулу ҳамда ўзбек жангчиси Диёрбек Муталибов ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам катта қизиқишга сабаб бўлди. Боиси, унда вакилимиз рақибини 39 секунддаёқ мағлубиятга учратди ва тезкор ғалабани қўлга киритди.

120.2 кг вазнли спортчилар баҳсида қирғизистонлик Манас Самиев юртимиз байроғи остида октагонга кўтарилган Равшан Ҳусановга қарши жанг қилди. Кутилганидек, тўқнашув рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган Ҳусановнинг ғалабаси билан якунланди.

Чемпионлик камари учун кечган дастлабки беллашувда 70.3 кг вазнда иштирок этган тожикистонлик Ҳайдарали Нуриддинов ҳамда ўзбекистонлик Бобур Абрайқулов ўзаро кураш олиб борди. Жанг якунига бир дақиқадан камроқ вақт қолганида, ҳамюртимиз зарбалар серияси амалга оширди ва ҳақли тарзда ғалаба қозонди.

Навбатдаги беллашув ўрта вазн тоифасида 83.9 кгда кечди ва унда Афғонистондан ташриф буюрган Аҳмад Мирза вакилимиз Икром Бобомуродовга қарши октагонга кўтарилди. Рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳамюртимиз Ўзбекистонга иккинчи камарни олиб берди.

61.2 кг вазнда Афғон спортчиси Фулади Алижан ўзбек жангчиси Феруз Усмоновга қарши октагонга кўтарилди. Жанг мобайнида катта устунликка эга бўлган юртдошимиз иккинчи раунд ўрталарида йўллаган бир неча кучли зарбаси эвазига ғалаба қозонди. Пассив ҳимояга ўтган рақиб жангни давом эттира олмади.

Вазни 65.8 кг бўлган спортчилар қарама-қаршилигида Афғонистондан Раҳматуллоҳ Раҳмати ҳамда Ўзбекистондан Мавлон Мавлонов ўзаро баҳс олиб борди. Илк сониялардан фаол старт намойиш этган вакилимиз кучли зарбалари билан рақибини оғир аҳволга тушириб қўйди. Ҳатто, жангдан кейин Раҳматига бир неча дақиқа мобайнида тиббий ёрдам кўрсатилди. Шу тариқа, Мавлонов юртимизга 4-камарни тақдим этди.

термиз мма2

Чемпионлик камари учун кечган сўнгги жанг 65.8 кг вазн тоифасида бўлиб ўтди ва унда афғонистонлик Алиризо Баҳодири ҳамда ҳамюртимиз Элдор Эронов октагонга кўтарилди. Илк раундда рақибига бир неча оғир зарбалар йўллаган вакилимиз якунда тиззада берган зарбаси орқали рақибини техник нокаутга учратди. Шу тариқа, Эронов юртимизга 5-камарни ҳам олиб берди.

Мазкур халқаро турнир сайтимиз томонидан ЖОНЛИ ЭФИРда трансляция қилинди. Юқоридаги жангларни SPORTS.uz сайти "YouTube" саҳифаси орқали томоша қилиш имкониятига эгасиз!

https://www.youtube.com/watch?v=4T5nWyLNofo

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!