6-чемпионлик, катта афишалар, нейтрал майдон – Европа Лигаси якунлари

2019/2020 йилги мавсум ўз интиҳосига етиб келмоқда. Футбол тарихида энг ғаройиб воқеалар билан ёдда қолувчи бу мавсум бизга кутилмаган натижалар, ноодатий ёндашувларга бой йил ҳадя этди. Ҳусусан, Европа Лигасида ҳам шундай ҳодисалар рўй берди. Умумий 197 та учрашув ўтказилган мазкур йилда 548 та гол урилди (ҳар бир ўйинда ўртача 2.77 та гол). Эътиборлиси, 2011/12 йилги мавсумдан бери Европа Лигасида бу каби сермаҳсуллик қайд этилмаган эди. Ўшанда ҳар бир баҳсда ўртача 2,85 та тўп киритилган.
wolves280220
Ном жиҳатидан Европада иккинчи ўринда турувчи мазкур турнир бу йил аввалгиларидан ҳам қизиқарлироқ ўтди. Бундай дейишимизга сабаблар етарли. Биринчидан, асосий плей-офф босқичлари 1 ўйиндан иборат бўлди ва жамоалар тақдири 90 дақиқа ичида ҳал қилинди. Бу ҳар бир футболчини майдонда борини беришга мажбур қилди. Иккинчидан, иштирокчилар савияси ортди. Яъни, чорак финалдаёқ, супер жуфтликлар шаклланиб улгурди. “Вулверхэмптон” – “Севилья” даражасидаги клублардан бири ушбу босқичда турнирни тарк этганлигини кўрган мухлислар уни янада катта қизиқиш билан кузатишда давом этишди. Учинчидан, бу сафарги мусобақалар миллий чемпионатлар якунига етганидан кейин бошланди ва бу фактор жамоаларга фақат шу турнирга эътибор қаратиш имкониятини тақдим қилди. Аввалги йилларда баъзи жамоалар иккита фронтда ҳаракат қилар ва аксарият ҳолларда тиғиз тақвим зарарини Европа Лигаси кўрар эди.
Sergio-Reguilon-Sevilla-Roma
Бирор турнирда чемпион бўлиш асло осон иш эмаслигини “Севилья” жамоаси исботлаб берди. Мусобақани гуруҳ босқичидан бошлаган андалусияликлар ўз йўлларида чиққан барча жамоалар устидан ғалаба қозонди. “Рома”, “Вулверхэмптон”, МЮ ва якунда “Интер” устидан қозонилган ғалабалар Лопетеги шогирдларининг даражасини белгилаб берди, ғалаба таъмини янада тотлироқ қилди. 12 учрашув, 23 гол, 7 қуруқ ўйин ва 6-чемпионлик. Буларнинг барчаси “Севилья”нинг Европа Лигасида зафар қучишини таъминлади.
sevilla-manchester-united-160820zg
Бундан ташқари, бир қанча ёш футболчилар бу турнирда ўзларининг энг кучли ўйинларини намойиш этди. Жумладан, МЮ сафида Дэниэл Жеймс, Мэйсон Гринвуд, “Севилья” таркибида Мунир Ал-Хаддади, “Интер” футболчиси Николо Барелла каби истеъдодли футболчилар учун бу турнир трамплин вазифасини ўтаб берса ажаб эмас.
Дэниел Жеймс - МЮ дебютанти бўлишига қарамай, ишончни оқлай олди. АПЛдан фарқли ўлароқ, жамоа устози Сульшер еврокубокларда ёш истеъдодга имконият берди. Ўзининг тезлиги ва техникасидан тўғри фойдалана олган уэльслик вингер бу мавсум Европа Лигасининг энг яхши ёшларидан бири бўлди.
Мунир Ал-Хаддади - Чемпионлар таркибида энг кўп голни айнан қаҳрамонимиз йўллаганлигини ҳамма ҳам билмайди. Аммо андалусияликларнинг 5 голига муаллифлик қилган испан форвардида энди ўз номини янада кенгроқ ёйиш имконияти бор.
327fb170-e68c-11e9-bc97-cacc9b4404e2
Николо Барелла - “Неррадзурилар” бош мураббийининг майдон марказидаги ишонган қуроли сифатида айнан Бареллани эътироф этиш лозим. Майдонни кўриш, ҳужумлар ташкиллаштириш қобилиятидан ташқари, у чиройли зарбалари билан керакли голларни ҳам киритиб туради. “Интер” позицион ҳужумга ўтган вақтда унинг зиммасига юкланадиган масъулият унинг даражасини белгилайди.
Мейсон Гринвуд - яна бир манчестерлик футболчи 18 ёшидаёқ катта турнирда ўзини йўқотиб қўймади. Ўзига билдирилган ишончга у 5 та гол билан муносиб жавоб қайтара олди. МЮ кейинги мавсумда Чемпионлар Лигасида иштирок этишини ҳисобга олсак, Гринвуд бундан ҳам ёрқинроқ порлаши мумкин.
internazionale_cinemaApp (2)
Турнир тўпурари учун тақдим этиладиган соврин 8 та гол урган Бруну Фернандешга насиб этди. Португалиялик хавбек жорий мусобақани икки жамоа таркибида ўтказди. “Спортинг” клуби сафида мавсумни бошлаган ярим ҳимоячи қишда манчестерликлар таркибини тўлдирди. Голларидан 5 тасини у собиқ жамоасида киритган бўлса, манкунияликларнинг 3 тўпига муаллифлик қилган.
NINTCHDBPICT000566661277
Энг кўп “қуруқ ўйин” ўтказган андалусияликлар кипери Яссин Бунуни мусобақанинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этишга мутлақо ҳақлимиз. 12 ўйиндан 6 тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлашни уддалаган марокашлик посбон жамоаси жонига кўп марта аро кирди.
Ассист амалга ошириш бўйича энг юқори кўрсаткич МЮ фахрийси Хуан Матага тегишли. У мавсум давомида 5 бор жамоадошлари голларига ҳаммуаллифлик қилган. Бу орқали тажрибали ярим ҳимоячи ҳали қариб қолмаганини барчага исботлади. Жумладан, клуб бош мураббийи Сульшерга ҳам.
TELEMMGLPICT000237219818_trans_NvBQzQNjv4BqO2wBkCq2Mm4bNdLs0EhrYyQynkOUP7jc1iwm7BKtzoM
Шунингдек, жорий йилги мусобақада бир қатор рекордлар янгиланди:
-“Севилья” ўз тарихида 6-бор ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушди ва уларнинг барчасини ўз фойдасига ёзиб қўйишга эришди;
-“Интер” 8-марта ярим финалга чиқди ва ўзининг рекордини янгилади;
-Люк де Йонг ЕЛ финалида боши билан дубль қайд этган илк футболчига айланди.
lukaku-e1597143129269
Шунингдек, ҳал қилувчи босқичга етиб келиш орқали финалчилар анчагина маблағни қўлга киритди:
“Севилья” жамоаси умумий ҳисобда 18 млн еврога яқин фойдага эга бўлди (17 922 850 евро)
“Интер” клуби эса 10 млн евродан кўпроқ маблағ ишлаб топган (10 500 000 евро). Шу ўринда, “неррадзуррилар” мавсумни Чемпионлар Лигасида бошлаганликларини ҳам эътироф этиш жоиз.
Юқоридаги мукофот пуллари бирорта катта трансфер амалга оширишга етмаслиги табиий. Бироқ футболчиларни рағбатлантириш учун кифоя қилади.
Sevilla
Мана шундай ёрқин хотиралар, қизиқарли учрашувлар, сенсацион натижалар билан ёдимизда қолган УЕФА Европа Лигаси 2019/20 йилги мавсуми ўз якунига етди. Кейинги йилларда ҳам бундан-да ажойиб футбол спектаклларига гувоҳ бўлишимизга ишонган ҳолда, Европа Лигаси 2019/20 саҳифасини ёпамиз.
Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!