АҚШда "Мустақиллик кубоги" анъанавий турнири бўлиб ўтди (ФОТО)

Аввал хабар берганимиздек жорий йилнинг 15 сентябрь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти маслаҳатчиси Санъат Шарипов ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик кунига бағишлаб аънанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Мустақиллик кубоги” турнири бўлиб ўтди.

77_1

Мусобақада АҚШнинг 9та штатидан ташриф буюрадиган 12та жамоа иштирок этди. Эътиборлиси, бу сафарги мусобақада Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги консуллик идораси, шунингдек, Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар ташкилотидаги ходимлари ҳамда Ўзбекистон ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси ходимларидан ташкил топган “Дипломат” жамоаси ҳам қатнашди.

99

Мусобақа бошланишидан аввал эса Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов сўз олиб қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

- Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб яқиндагина Нью-Йорк маркази Wall street да юртимиз байроғи кўтарилганди. Мана бугун эса яна бир ажойиб байрам гувоҳига айланаяпмиз. “Мустақиллик кубоги-2018” турнирини ҳозирданоқ жуда юқори савияда ўтади деб ҳисоблашимиз мумкин. Сабаби, АҚШнинг 9та штатидан 12та жамоанинг йиғилганини кўриб хурсанд бўлиб турибмиз. Бугун меҳмонлар қаторида Бруклйн ҳокимлигидан ташриф буюрган жаноб Давид Жонсоннинг айнан мана шу тадбирга келганлиги ўзбекистонликларнинг АҚШда ҳам ўз ўрни борлигидан далолатдир. Барча иштирокчиларга омад тилайман.

nyu

Қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой ўтган мусобақанинг ҳал қилувчи финал йўлланмасига Нью-Йоркнинг “Мароканд” ҳамда Пенсильвания штатининг “Дўстлик” жамоалари эга чиқишди. Финал баҳсининг асосий ва қўшимча бўлимлари 3:3 ҳисобида жанговор дуранг билан якунлангач, ғолиб номи пенальтилар сериясига кўра аниқланди. Футбол лотореясида эса омад нью-йоркликларга кулиб боқди. “Мароканд” – Дўстлик” 4:3.

00

Мусобақанинг 3-ўрни учун ўтказилган баҳсда эса бундан аввалги ўтказилган дастлабки 2та турнирда ғолиб чиққан Нью-Йоркнинг “Пахтакор” клуби худди шу шаҳарнинг “Кайманс” жамоасини 3:1 ҳисобида енгди ва фахрли ўринни қўлга киритди.

osh

Мусобақа жуда чиройли тарзда ташкил қилинди. Катта қозонда 70 кг ўзбекча ош дамланди Болалар учун кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинди. Барчанинг кайфияти кўтаринки руҳда бўлди. Стадион атрофига кўплаб мухлислар келди.

Мана уч йилдирки, АҚШда фаолият олиб бораётган Roadtex LTD корхонаси ва унинг директори Азиз Мамаев ва Нью-Йоркдаги "Lazzat" ресторани раҳбари Абдумалик Аҳмедовларнинг сайъ-ҳаракатлари билан мусобақага ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишмоқда. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдирамиз.

Қисқа қилиб айтганда шу куни Нью-Йоркда ҳақиқий Мустақиллик байрами нишонланди.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ.

Суратлар муаллифи: Ciprian Anton.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!