Акром Комилов: Пенальти ўйин тақдирини ҳал қилди
Кеча Суперлига 30-тури доирасида бўлиб ўтган “Навбаҳор” – “Бунёдкор” учрашувидан сўнг "қалдирғочлар" ҳимоячиси Акром Комилов ўзининг ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
- Менимча, бугунги ўйин барчага ёқди. Биринчи бўлимда анча яхши ўйин намойиш этдик. Лекин 2-бўлимдаги биргина пенальти бизни руҳан чўктириб қўйди.
Ўша вазиятда 11 метрли жарима зарбаси бормиди, йўқмиди, тўғриси, аниқ билмадим, буни ЎФАдагилар кўриб чиқишади. Тўғри, Наманганда тўп суриш қийин. Шундай бўлса-да, биз мезбонларга муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилдик. Мабодо ғалаба қозонганимизда, 3-ўринга кўтарилиб олган бўлардик.
Бугун биргина 11 метрли жарима зарбаси ўйин тақдирини ҳал қилди. Кейинги ўйинларда ғалаба қозонишга интиламиз. “Навбаҳор” жамоасига ҳам кейинги баҳсларда омад тилаб қоламан.

Фикрлар