«Андижон» икки футболчини ўз сафига қўшиб олди

«Андижон»нинг навбатдаги хариди - Руслан Мельзитдинов. Тажрибали футболчи ўтган мавсум Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасида ўйнаганди.

Футболчилик фаолияти давомида, «Нефтчи», «Бунёдкор», «Бухоро», «Қўқон-1912», «Шўртан» ҳамда «Сўғдиёна» каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган Мельзитдинов шу кунга қадар Ўзбекистон Олий лигасида (ҳозирги Суперлига) 200га яқин расмий учрашувда майдонга тушганини эътироф этиш лозим.

Шунингдек у ўз вақтида Ўзбекистон ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоа таркибида ҳам расмий учрашувларда иштирок этган.

Руслан бундан ташқари икки бор ўзини хориж клубларида синаб кўрган, хусусан Қозоғистоннинг «Жетису» ва Эроннинг «Нафт МИС» жамоаларида маълум муддат фаолият юритиб қайтган.

1985 йил Фарғона вилоятининг, Қўқон шаҳрида таваллуд топган футболчи сўнгги йилларда майдонда марказий ҳимоячи вазифасини бажариб келмоқда.

Бугун «Андижон» ва Руслан Мельзитдинов ўртасида расман келишувга эришилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шунингдек ҳимоя чизиғидаги рақобатни янада кучайтириш мақсадида Бобур Омонов таклиф этилди.

Маҳоратли ҳимоячини мухлислар яхши билишса керак бунгача асосан «Бухоро» жамоасида ўйнаб келаётганди. Бугун Омонов «бургутлар» билан расман келишувга эришди ва шу тариқа жорий мавсумни «Андижон»да ўтказадиган бўлди.

29 ёшли футболчи универсал ҳисобланиб, мудофаа чизиғининг исталган чизиғида бирдек ўйнай олади.

Маълумот учун, Бобур Омонов ўтган мавсум «Бухоро» таркибида 22та ўйин (жами 1915 дақиқа) ўтказиб, 1та гол ва 4та сариқ карточка қайд этган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!