“Арсенал”ни янги мавсумда қандай кўриниш ҳосил қилади?

 

22 йилда биринчи марта “Арсенал” янги мавсумни афсонавий мураббий Арсен Венгерсиз бошлайди. Ўтган мавсумда қарийб чорак асрдан кейин франциялик мутахассис “тўпчилар” сафини тарк этди ва унинг ўрнига “ПСЖ”дан Унай Эмери олиб келинди. Испаниялик мутахассис ҳозиргача бир қанча кучли футболчиларни олиб келди. Улар орасида Сократис Папастатапулос, Лукас Торрейра, Бернд Лено, Лихтштайнер каби таниқли, Маттео Гендузи каби моҳир футболчилар бор. Трансфер бозори ёпилгунига қадар яна муҳим футболчилар билан кучайтиришни мақсад қилган. Демак, унинг қўли остида нафақат лондонликларнинг ўйин услуби, балки асосий таркиб ҳам анча ўзгаришга юз тутиши муқаррар.

Янги мураббий ҳақидаги дастлабки хулосаларни Халқаро Чемпионлар Кубоги доирасида “Атлетико”га қарши баҳсда билиб олишимиз аниқ. Эмери мавсумолди тайёргарлик баҳсига нечоғлиқ ҳозирлик кўрганини кўрсатиб беради. Қуйида “Арсенал”нинг янги мавсумдаги таркиби ҳақидаги илк таҳминлар ўрин олган.

1-вариант – “Унайча услуб”

Қоғозда, Эмери энг кучли асосий таркибдан бирига эга. Эмери ҳозиргача ҳарид қилган футболчиларини асосий таркибга қўрқмасдан киритиши мумкин.

“Арсенал” Йенс Леманндан кейин тайинли кучли дарвозабонга эга бўлолмади. Бу вазифани “Челси”дан олиб келинган “фахрий қария” Петр Чех бажаргандек бўлди. Леверкузеннинг “Байер”идан сотиб олинган Бернд Лено ниҳоят клубнинг энг оғриқли нуқтасини “ёпиши”га катта ишонч билдирилмоқда.

“Ювентус”дан Лихтштайнер таклиф қилинганига қарамай, Эктор Бельерин айни вақтда энг яхши спорт формасида ва ўнг қанот ҳимоясини швейцариялик футболчига бериб қўймаслиги аниқ. Унга қарама-қарши қанотда Сеад Колашинац рақиб ҳимоячиларини довдиратиб қўйишда давом этиши кутилмоқда.

Марказий ҳимояда эса Шкодран Мустафи ва клубнинг янги аъзоси Сократис “Арсенал”га мустаҳкамлик баҳш этиши кутилмоқда. Айнан шу нуқта сўнгги йилларда ўз мустаҳкамлигини йўқотган эди. Лоран Косьелнининг жароҳати, “қария” Мертесакер бир амаллаб бу вазифани уддалаб келаётган эди. Сократиснинг тўп билан яхши муомала қилиши “тўпчилар”га ҳимоядан туриб ўйнаш вариантини яратади.

Ҳимоядан олдинги чизиқда Аарон Ремзи ва Торрейра клубга мувозанатни сақлашга ёрдам беради. Улар ҳимоя ва ҳужум чизиғини боғлашга қодир жуфтлик бўлиши мумкин. Торрейра рақиб ҳужумини бузишда уста бўлса, Ремзи ҳужумга отланган жамоадошларига ўзининг аниқ ва яратувчан узатмалари билан таъминлай олади. Торрейрани вақти-вақти билан Гранит Джака алмаштириши мумкин.

Ва ниҳоят ҳужум чизиғи. Бу ерда тўртта гигант иқтидорлар – Генрих Мхитарян, Месут Ўзил, Пьер-Эмерик Обамеянг ва Александр Ляказеттларни бир вақтда кўришимиз мумкин. Бунда Ўзил ҳужумчилар учун “ўтиш пости” вазифасини бажарса, Обамеянг “жаллод”ликни ўз бўйнига олади. Мхитарян ва Ляказеттлар ҳам шунчаки югуриб юрмаслигини исботлаб бўлишган.

2-вариант

Ўтган мавсумда Венгер Европа Лигаси гуруҳ босқичи доирасида жамоада кенг ротацияни амалга оширди. Франциялик мураббий ўзларини кўрсатиш учун асосан ёшларга имкон берди. Эмери ҳам худди шу ротацияни қайта синаб кўриши мумкин. Бунда у жамоанинг ярмини ёшларга, қолган қисмини тажрибали футболчиларга бериб, ёш авлоднинг катта футболга мослашишига имкон яратиб бериши мумкин. Бу ҳақида басклик мураббийнинг ўзи алоҳида тўхталиб ўтди: “Ёлар масаласига келсак, ҳақли бўлганларига албатта имконият берилиши керак. Улар имкониятга эга бўлишса, жамоадошларининг ҳам ҳурматини қозонади. “Арсенал” ва унинг тарихида ёш футболчилар доим бундай имкониятга эга бўлиб келган.”

Демак, катта байрамларда – Европа Лигаси ва Лига Кубоги доирасида 25 ёшли Эмилиано Мартинес ўз омадини синаб кўриши мумкин. Унинг олдида тажрибали Лихтштайнер ва Начо Монреал, қанот ҳимоясида ёш иқтидор эгалари Чемберс ва Холдинг ҳаракат қилиши мумкин.

Ярим ҳимояда эса Гендузи – Элнени – Мейтланд-Найлз учлиги жамоасига фойда келтиришга ҳаракат қилиб кўришади. Ҳужумда эса Нелсон, Нкетия ва Лукас Переслар “тўпчилар”нинг ҳисобдан олдинга чиқиб олишига ёрдам бериши зарур.

3-вариант

“Арсенал” ҳозирча дарвоза ва ҳимоя чизиғидаги “тешиклар”ни ёпган бўлишса, кейинги ҳарид орқали ҳужум чизиғини узоқроқ ўйнайдиган ҳужумчи билан янада кучайтиришлари мумкин. Бу эса мавсум давомида бирорта етакчи футболчига боғланиб қолиш хавфининг олдини олиши мумкин. Ҳозирда Мхитарян, Алекс Ивоби, Уэлбек ва тажрибасиз Нельсонлар бу вазифани эгаллаши мумкин, қўшимча вариант ҳеч қачон зарар қилмайди.

Эмери бундай ҳужумкор таркиб учун 4-1-2-1-2 ўйин услубини танлаши ҳам мумкин. Бундай услубда испаниялик мураббий рақиб жарима майдончасидан сал узоқда ҳаракат қиладиган ҳужумчиларсиз ўйнаши мумкин.

Бундай услубда дарвозани Лено эгалласа, ҳимояда – Бельерин, Сократис, Мавропанос ва Колашинац ўйнашади. Уларнинг олдида Джака асосий таркибда ўйнаши муқаррар, ундан сал олдинроқда Торрейра – Ремзи жуфтлиги ўйнаши мумкин. Бу жуфтликдан олдинда эса клуб байроқдори Ўзил ўз яратувчанлиги билан жамоасини олдинга бошлаши кутилмоқда. Ҳозирча клубда кузатилмаган жуфтлик – Обамеянг ва Ляказетт рақибларга таҳдид солишлари муқаррар. Ўтган мавсумда иккала ҳужумчи умумий ҳисобда 27 гол урди. Гарчи Обамеянг мавсум ярмида келиб қўшилган, француз ҳужумчиси эса жароҳатлар сабаб ўз спорт формасида бўлолмади.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!