Азар Роналдудан кейинги революцияни бошлайдими?
Хулен Лопетеги Роналду клубда қолганида камида 50 голга эга бўлган бўларди, бироқ “Реал” қизиқиш билдираётган Азардан буни умуман кута олмайди. Сабаби жуда оддий. Криштиану Роналдуни осонликча ҳеч ким ўрнини боса олмайди. Қуйида “Реал”га ўтиши аниқлашиб бораётган Эден Азарнинг Мадридда нима қила олиши борасида мулоҳаза юритамиз.
Нима бўлишидан қатъий назар “Сантьяго Бернабеу”дагилар ҳар мавсум камида голлик натижадан мосуво бўлганини эътироф этишимиз керак. Зинедин Зидан қўли остида жамоа Роналду киритадиган голларга жуда боғланиб қолди. Ўтган мавсумда барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда португалиялик юлдуз 44 гол уришга эришди. У мадридликларнинг чап қанот ҳужумида номи кўрсатилган бўлиши мумкин, бироқ у ер билан чекланиб қолгани йўқ.
Орқадан келиб ҳужумга қўшиладиган ёки узоқдан кучли зарба йўллайдиган Роналду аллақачон мозийга сингиб кетган. У моҳир ҳужумчига айланган ва бу вазифани аъло даражада бажармоқда.
Унинг ўйини бошланган ҳужумларни якунлаш ва ақлли югуришга айланиб улгурган. Унданам кўпроғи ҳужумнинг қолган вакиллари айнан унга ёрдамчилик қилиш. Мадридликларнинг иккинчи тўпурари 21 гол урган Гарет Бейл ҳисобланади. Унинг Чемпионлар Лигаси финалида урган дублигина муҳим аҳамиятга эга.
Юрген Клопп шогирдлари ўшанда Роналдуни “қуролсизлантириш”нинг уддасидан чиққанди. Бироқ улар “қаймоқранглилар” ҳужум чизиғининг бошқа бир вакили ҳам “жаллод”га айланишини унутиб қўйишди. Роналду рақиб жарима майдончасига кира олмасада, ҳужумдаги шерикларига бўш майдон яратиб бера оларди. Энди “қироллик клуби” бу хусусиятини ҳам бутунлай йўқотди.
Ҳозирги футболчилар орасида Роналду бажарадиган иш – рақиб майдончасида доимо ҳозир-у нозир бўлишни уддалайдиганлари саноқли.
Эҳтимол янги бош мураббий Хулен Лопетеги Марко Асенсиони чап қанотга жойлаштирар. Айнан бу позицияда испаниялик футболчи ўзини анча яхши ҳис қилади. Ўтган мавсумда “ПСЖ”га қарши баҳсда Асенсио жуда ҳавфли футболчига айланганди.
Марказий ҳужумчи амплуасида ҳаракат қилсада, Карим Бензема жуда ювош ҳужумчига айланиб қолди. У Эдинсон Кавани ёки Роберт Левандовски каби тажовузкор эмас. У мадридликларнинг ҳужум чизиғидаги вазифаси – Роналду ёки Бейлнинг ишини осонлаштиришдан иборат бўлди. Энди Роналду кетгач уни анъанавий тўққизликка айланиши учун вақт керак бўлади, энг ёмони у буни уддалай олишини ҳеч ким кафолатлай олмайди.
“Реал” учун ушбу трансфер бозорида бошқа бир кучли ҳужумчини олиш жуда қийин масала. Шу сабабли Лопетеги қўл остида бор бўлган футболчилар билан ишлашда давом этиши эҳтимоли юқори.
Зидан ҳам ўтган мавсумда Бензема ва Роналдунинг ортида Искони ўйнатган эди. Янги мураббий ҳам Зидандан қолган тизимда ўйнашда давом этса керак. Мадридликлар бу тизимни кучайтириш мақсадида “Челси” етакчиси Азарни олиб келиши ҳақиқатга яқин. Мундиалнинг бронза медали соҳиби “Стэмфорд Бридж”дан кетиш вақти келганини барчага маълум қилди.
Бельгия сардори Чемпионлар Лигасини ютиш дардида юрибди. Ҳозирги “Челси” билан бунга ҳеч қачон эриша олмайди. “Реал”дан эса тез-тез таклиф тушавермайди. Шу сабабли ҳам Азар “баҳт қуши”ни қўйиб юбориш ниятида эмас.
Роналду кетгач, кўпчилик Азар тимсолида “янги Галактика”ни кўрмоқда. Аммо у “Ювентус”нинг янги вакилини ўрнини умуман боса олмайди. У беш карра “Олтин тўп” эгасининг голларини, шахсиятини, рухиятини тўлдира олмайди. Мадридликлар агарда Азарни олиб келишнинг уддасидан чиқса, шунчаки янги услубда ҳаракат қила бошлайди.
У таркибда кўпфункционалликни таъминлай олади. Керак бўлса, ҳужумда ҳаракат қилади. Бразилияга қарши ўйинда бўлганидек, ҳужумдан анча орқада ҳаракат қилиши мумкин.
Азар Мадридга кўчиб ўтиши ёки ўтмаслигидан қатъий назар “Реал” йиллик 50 голдан маҳрум бўлaди. Бельгиялик иқтидор келиши эса янги мавсумдан умуман бошқача “Реал”ни кўришимизга сабабчи бўлади, холос.
Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.
Фикрлар
Умуман керакмас Азар. Бошқа вариантлар йўқ бўлгани учун танлаши мумкин фақат