Бекзод Абдураҳмонов Тбилиси Гран-присининг кумуш медалини қўлга киритди

Грузия пойтахтида спорт курашлари бўйича навбатдаги Гран-при мусобақаси ўз якунига етди. Қизиқарли ва муросасиз кечган беллашувнинг сўнгги кун дастурида терма жамоамиздан фақатгина эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов шоҳсупага кўтарила олди. 

Ўзининг севимли 74 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Абдураҳмонов финалгача барча рақибларидан устун келди. Ҳал қилувчи баҳсда туркиялик Яков Горга қарши баҳсни ҳам муваффақиятли бошлаб, 4:1 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Бироқ кутилмаганда ҳамюртимизнинг оёғида жароҳат қўзғаб қолгани учун беллашувнинг қолган қисмини давом эттирмади ва ғалаба туркиялик полвонга ўтиб кетди. 

Шу тариқа делегациямиз ушбу мусобақада 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритишди. Юртдошларимиз эртага Тошкентга қайтиб келишади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!