Бенземадан Кашшайгача: Чемпионлар Лигаси сўнгги тури ғолиб ва мағлублари

Чемпионлар Лигасининг сўнгги турида бир қатор кутилган ва кутилмаган натижалар содир бўлди. «Валенсия» «Янг Бойс»ни мусобақадан чиқариб юборган бўлса, «Рома» «ЦСКА»ни сафарда мағлуб этиб плей-оффга чиқиш имкониятларини сақлаб қолди.

«Манчестер Сити» «Шахтёр»ни таслим қилган бўлса, «Реал» сафарда «Виктория Пльзен»ни «аяб ўтирмади».

«Манчестер Юнайтед» эса «Ювентус»ни учрашув якунланишига беш дақиқа қолганида мағлуб этди.

Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг ярмидан кўп ортда қолган кечанинг асосий ғолиб ва мағлублари ким?

Ғолиб: Санти Мина

22 ёшли футболчи «Месталья»да борган сари Марселинонинг асосий таркибидаги ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. У «Янг Бойс»га қарши ўйинда ҳам жамоасининг муҳим бўлагига айланди. У ҳозиргача клуб учун тўрт гол уришга эришди. Бу Кевин Гамейро, Родриго Морено ва Миши Батшуайиларнинг голларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўп. Аммо у юқорида тилга олинган уч ҳужумчидан ҳам кам ўйин амалиётига эга. У Ла Лигада 287, ЕЧЛда эса 20 дақиқа ўйин ўтказган.

Мина гол уриш қобилиятини борган сари ошириб бормоқда. У ўтган мавсумда ўзининг энг самарали мавсумини ўтказганди. Бироқ ёзда жамоага Батшуайининг келиб қўшилиши унинг имкониятларини янги мавсумда пасайтириб юборганди. «Сельта»нинг собиқ етакчиси «Лос Че» сафида сўнгги уч ўйинда майдонга тушган. Кўриниб турибдики мураббий унга қайта имкон бермоқда.

Мағлуб: Магнуссон

«ЦСКА»нинг ўтган ойда кимсан «Реал»ни мағлуб этгани туфайли бу турда ҳам қаҳрамонлик кўрсатиши мумкинлигини айтадиганлар кўплаб топилди. Улар бунга қодирдек эди. Бироқ Магнуссоннинг қизил олиб чиқиб кетиши барча умидларни сўндирди.

Исландия термаси вакили ва «Бристол»нинг собиқ ҳимоячиси икки сариқ карточа олиб майдонни эрта тарк этди ва «Лужники»га йиғилганлар яна бир жасорат кўрсатилишини гувоҳи бўлишмади.

«Рома» Костас Маноласнинг ўйин аввалида боши билан урган голидан кейин ҳисобда олдинга чиқиб олди.

Виктор Гончаренко шогирдлари ҳисобни тенглаштиришга эришганларига қарамай Чакир Магнуссоннинг ишлатган қўполлигини муносиб жазолади.

Ғолиб: Давид Сильва

Сильва ҳозирга келиб Чемпионлар Лигасида учта гол уриб олди. Бундай статистика испаниялик ярим ҳимоячининг энг самарали мавсумига айланди. Гуруҳ босқичининг яна икки ўйини борлигини инобатга оладиган бўлсак Сильва ўз кўрсаткичини янада яхшилаб олиши мумкин.

Ундан аввал Гвардиола ўз шогирдини мақтаб ўтганди. Ярим ҳимоячи эса бунга лаббай деб жавоб қайтарди. «Кончилар»га қарши ўйиннинг дастлабки голига айнан Сильва муаллифлик қилди. Ўнг қанотдан ёриб кирган Риёд Маҳрезнинг узатмасини «Валенсия» собиқ вакили ажойиб тарзда дарвозага йўллаб қўйди.

Яқин икки ой ичида 33 ёшга кирадиган футболчининг бундай юқори спорт формасида эканлиги ва Гвардиоланинг режаларида асосий фигура эканлиги албатта таҳсинга сазовор. Каталониялик стратегнинг фалсафасини Сильвачалик тушунадигани жамоада йўқ.

Мағлуб: украин клублари

Украин клубларининг Англия яшил майдонларидаги статистикаси жуда қўрқинчли. Барча мусобақаларни қўшиб ҳисоблаганда украин жамоалари 29 марта инглиз клубларига қарши ўйнаган. 23 мағлубият ва 6 дуранг! Сўнгги марта мағлубиятдан қутулиб қолган клуб 2016-йилда «Этиҳад Стэдиум»да «Динамо Киев» бўлганди.

«Шахтёр» Премьер Лига чемпионларини ўз уйида ўтган мавсумда «ер тишлатганди». Ўшанда улар Гвардиола жамоасини 2-0 ҳисобида мағлуб этганди.

Ғолиб: Карим Бензема

Бензема барча мусобақаларда «Реал» сафидаги 200-голини киритишга эришди. «Виктория Пльзен»га қарши ўйиннинг 21-дақиқасида бу тарихий воқеа содир бўлди. 201-голини эса ўшандан 16 дақиқа ўтиб киритди.

Бундай натижа билан франциялик ҳужумчи клуб тарихида ушбу довондан ошган еттинчи футболчига айланди.

Борган сари тўпурарлик маҳорати очилиб бораётган ҳужумчига Криштиану Роналдунинг кетгани анча ижобий таъсир қилмоқда. Унинг ўзи ҳам аслида марказий ҳужумчи эканлигини тушуниб ета бошлаган бўлса ажабмас.

Мағлуб: Виктор Кашшай

«Манчестер Сити» ёрдамга муҳтож пайтда, Виктор Кашшай «лаббай» деб жавоб қайтарди. Раҳим Стэрлинг ўз оёғига чалкашиб йиқилганини кўрмай қолган рефери «Шахтёр» дарвозаси томон пенальти белгилади.

Венгриялик ҳакамнинг қарорини «Этиҳад Стэдиум»га йиғилганлар ҳам тушунмай қолди.

Пеп Гвардиола шогирдлари шундоғам қийинчиликсиз ютадиган бир пайтда Кашшай «қўл қовуштириб ўтириш»ни истамади ва нақ иккита пенальтини «шаҳарликлар» фойдасига ишлаб берди. Албатта бундай тушунмовчиликни ВАРнинг ЕЧЛда ҳам жорий қилиниши камайтиради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!