Бишкекда Осиё ўйинлари тайёргарлигига бағишланган форум ўтказилмоқда

 

Осиё ўйинлари нафақат қитъа миқёсида, балки жаҳон спорт оламида ҳам катта воқелик ҳисобланади. Бу сафарги мусобақа август ойида Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтади. Ўйинлар 1951 йилдан буён Осиё мамлакатлари спортчилари иштирокида ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади. Мусобақа Осиё Олимпия Кенгаши шафелигида ташкил қилинади.

Айни кунларда Бишкек шаҳрида Ғарбий ва Марказий Осиё мамлакатлари учун ушбу муҳим мусобақага тайёргарлик масалаларига бағишланган форум ўтказилмоқда. Тадбир Қирғизистон Миллий олимпия қўмитаси президентининг табрик сўзлари билан бошланди.

Мазкур форум кун тартибидан шунингдек, Миллий олимпия қўмиталарининг Олимпиада-2020 га кўраётган тайёргарлиги, федерациялар ва спортчилар билан ишлаш, оммавий ахборот воситаларининг иши ва уларнинг Осиё ўйинлардаги роли каби мавзулар ҳам ўрин олган.

Форум иштирокчилари Осиё ўйинлари учун делегация таркибини тасдиқдан ўтказадилар, шунингдек, уларга Халқаро Олимпия Қўмитасининг янги қонун-қоидалари тушунтирилади. Форум давомида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари ва 2020 йили Токиода ўтказиладиган Олимпия ўйинларига боғлиқ турли масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, форум доирасида 500 нафар мактаб ўқувчиси иштирокида «Fun Run» югуриш баҳслари, Олимпиада-2020 ташкилий қўмитасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.

Ушбу форум Халқаро Олимпия Қўмитаси, Осиё Олимпия Кенгаши ва Олимпия бирдамлиги томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Афғонистон, Ироқ, Эрон, БАА, Қатар, Яман, Саудия Арабистони, Иордания, Фаластин, Уммон, Баҳрайн ва бошқа мамлакат вакиллари иштирок этишмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!