Бокс. Халаков олтин учун, яна икки боксчимиз бронза медали учун рингга кўтарилади
Ўзбекистонлик мухлислар учун албатта бокс бўйича баҳслар катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Бугун уч нафар боксчимиз ярим финалда ўз жангларини ўтказишди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
-69 кг вазн тоифасида мусобақада иштирок этган Жаҳонгир Раҳмонов аргентиналик Агустин Аррегуига қарши жанг қилди ва имкониятни бой бериб қўйди. -81 кг вазнли Тимур Мержанов россиялик Руслан Колесниковга мағлуб бўлди.
-56 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Абдумалик Халаковнинг аргентиналик боксчи Мирко Куэльога қарши жанги эса кечанинг энг шиддатли тўқнашувларидан бири бўлди. Аренага йиғилганларнинг асосий қисми албатта бу жангда мезбон боксчига мухлислик қилишди, жанг давомида қўллаб-қувватлашди. Шунга яраша Куэльо ҳам жангни ажойиб ўтказди. Аммо, баҳс давомида кўпроқ устунликка эришган Абдумалик якунда ғалаба қозонди ва финал йўлланмасига эга бўлди.
Энди икки нафар боксчимиз бронза медали учун жанг қилса, бири олтин медаль учун рингга кўтарилади.
17 октябрь:
Бронза медали учун:
-69 кг: Жаҳонгир Раҳмонов – Нижат Ҳасанов (Озарбайжон) (22:00).
18 октябрь:
Олтин медаль учун:
-56 кг: Абдумалик Халаков – Максим Калиничев (Украина) (21:30).
Бронза медали учун:
-81 кг: Тимур Мержанов – Юсуф Али Карар (Миср) (22:45).
Изоҳ: Соатлар Тошкент вақти билан кўрсатилган.
Фикрлар