Эркин Ғайбуллаев блоги: Инглиз клублари учун энг қулай ва ноқулай қуръа қандай бўлиши мумкин?

Улар орасида фақатгина «Манчестер Сити» ўз гуруҳини пешқадам сифатида тугатган бўлса, «Ливерпуль», «Тоттенхэм» ва «Манчестер Юнайтед»лар сўнгги турдаги драматик ўйинлари ва ғалабалари эвазига кейинги босқичга чиқиш йўлланмасини нақд қилишди.

Нимчорак финалга қуръа ташлаш маросими душанба куни бўлиб ўтади ва инглиз клублари ўз рақибларини билиб олишади.

Пеп Гвардиола, Жозе Моуриньо, Юрген Клопп ва Маурисио Почеттинолар нимчорак финалда рақиб сифатида кимни кўришни истайди? Ёки улар кимга қарши ўйнашдан қочишади? Қуйида эҳтимолий вариантларни кўриб чиқамиз.

«Тоттенҳэм»

Энг қулай рақиб: «Реал»

Почеттино шогирдлари ЕЧЛнинг ўтган мавсумида гуруҳ босқичида бўлажак чемпион «Реал Мадрид»ни таслим қилишнинг уддасидан чиқа олган эди. Бу мавсумда ўз даражасини сақлаб қололган «тақачилар» Испаниядаги ширин хотираларини қайта ёдга олиши мумкин.

«Реал»нинг аутсайдер «ЦСКА»га қарши иккала ўйинда мағлубиятга учраганини ёдга олсак, амалдаги чемпионларнинг ички муҳити у қадар яхши эмас.

Энг ноқулай рақиб: «Пари Сен-Жермен»

Энг ноқулай рақиб сифатида «ПСЖ»ни айтиш мумкин. Агарда «Тоттенхэм»нинг ягона заиф нуқтаси бор бўлса, у ҳимоя чизиғи ҳисобланади. Кьеран Триппье ва Бен Девислар бу мавсумда ўз ўйинларини топа олмаяпти. Серж Орье ва Денни Роузлар жароҳатлар сабаб майдондан ташқарида кўп қолиб кетишмоқда.

Роуз «Барселона»га қарши ажойиб ўйин ўтказди. Мусса Сиссоко эса ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнашга мажбур бўлди. Умуман олганда, «тақачилар»да ҳимоя чизиғида етарлича муаммолар бор ва «ПСЖ» улар дуч келишни истамайдиган клуб ҳисобланади.

Неймар ва Килиан Мбаппеларни оғир кунларни бошидан кечираётган «Тоттенхэм» учун бало бўлишади. Улар Почеттино жамоасига қарши саф тортса, инглиз клуби яна ўтган мавсумдагидек нимчорак финалдаёқ мусобақа билан хайрлашиши мумкин.

«Ливерпуль»

Энг қулай рақиб: «Бавария»

ЕЧЛнинг ўтган мавсумида «Ливерпуль» финалгача ажойиб тарзда масофани босиб ўтишди. Финалгача улар ўз йўлидан чиққан «Порту» ва «Рома»ни ер тишлатди. «Манчестер Сити»нинг асосий рақибига айланди. Баъзи сабабларга кўра, «Порту» ҳам қулай рақиб ҳисобланади. Аммо ёши ўтиб бораётган «Бавария»га қарши ўйин қизиқарли бўлади. Нико Ковач қўли остида ўз ўйинини топа олмаётган мюнхенликлар Клоппнинг жамоасидан «тарсаки ейиши» мумкин.

Энг ноқулай рақиб: «Ювентус»

Агарда Клопп жамоаси нимчорак финалда «Ювентус»га қарши ўйнайдиган бўлса, италияликларнинг қўли баланд келиши мумкин. Боиси «кекса синьора»нинг ҳимоя чизиғи жуда мустаҳкам. Боз устига, улар ёзда Криштиану Роналду тимсолида гол-машинасини сотиб олди.

Аммо «Ливерпуль» «Энфильд»да ҳар қандай рақибга қарши ҳужумга асосланган услуби билан ўйнашга қодир. Аммо «Ювентус»ни енгиш осон бўлмайди.

«Манчестер Сити»

Энг қулай рақиб: «Шальке 04»

«Шаҳарликлар» ўз гуруҳи ғолибига айланган ягона Премьер Лига клубига айланишди. Улар Премьер Лига рақибларига қараганда анча осонроқ рақибларга тушиши мумкин. Нимчорак финалда улар учун энг қулай рақиб «Шальке» бўлиши аниқ.

Немис клуби гуруҳ босқичида атиги олти гол уришга эришди. Бундеслиганинг янги мавсумида эса 14 ўйинда 15 гол ўтказиб юборди. Гвардиола шогирдлари эса гилзенкирхенликларга қарши ҳеч қандай муаммоларга учрамаслиги аниқ.

Энг ноқулай рақиб: «Атлетико Мадрид»

Гвардиола Диего Симеонега қарши уч учрашувнинг иккитасида ғалаба қозониб биттасида мағлуб бўлган. Аммо ўтмишга қарамай, «матрослар»да инглиз жамоасининг «адабини бериш» имконияти бор. «Атлетико» ҳужумкор жамоаларга қарши ўйнашнинг анча ҳадисини олган.

«Боруссия Дортмунд»дан учралган йирик 4-0 ҳисобидаги мағлубиятга қарамай Симеоне шогирдлари қолган беш ўйинда атиги икки гол ўтказиб юборган. «Манчестер Сити» дунёнинг энг кучли побонларидан бири Ян Облак олдида ҳаракат қиладиган ҳимоячиларни ёриб киришда қийналиши турган гап.

«Манчестер Юнайтед»

Энг қулай рақиб: «Порту»

Туриндаги ажойиб ғалабага қарамай, Моуриньо шогирдлари гуруҳ босиқичини етакчи сифатида тугатишнинг уддасидан чиқа олмади. «Қизил иблислар»нинг бош мураббийи ЕЧЛ ни биринчи марта ютган жамоасига қарши ўйнаши энг яхши имконият ҳисобланади.

Аммо «Порту» гуруҳ босқичида энг кўп очко жамғарган (16) жамоага айланди. Бироқ Майкл Оуэн айнан «Порту»ни «Манчестер Юнайтед» осонликча ютишга қодир.

Энг ноқулай рақиб: «Барселона»

«Қизил иблислар» каталонияликларга қарши иккита ЕЧЛ финалини ютқазиб қўйди. Таркиб борасида айтадиган бўлсак, ўшандан бери кўп ўзгаришлар бўлди. Аммо биргина шахс ҳамон барқарор: Лионель Месси.

Аргентиналик футболчи «МЮ» устидан эришилган ғалабаларда гол урган. «Уэмбли»да «Тоттенхэм»ни енгишга ёрдам берган Месси яна бир марта Англияга сафар уюштиришга қарши эмас. ЕЧЛда Премьер Лига клубларига қарши 30 ўйинда 22 гол киритган Месси бу рекордини янада янгилашда давом этиши мумкин.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!