Футзал бўйича U-20 Осиё чемпионатига қуръа ташланди: Ўзбекистон гуруҳда Қатар, Ливан, Мьянма ва Гонг Конг билан куч синашади
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида бугун, 30 март куни 20 ёшгача бўлган футзалчилар ўртасида тарихда биринчи марта ўтказиладиган Осиё чемпионатига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросим Бангкок шаҳридаги Grand Fourwing Hotel меҳмонхонасида ўтказилди. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси “C” гуруҳидан жой олди. Мазкур гуруҳда ўзбекистонлик футзалчилар Қатар, Ливан, Мьянма ва Гонг Конг давлатидаги тенгдошлари билан куч синашади.
Мусобақа регламентига кўра, ҳар бир гуруҳда 1–2 ўринларни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўл олади. Чорак финалда ғалаба қозонганлар ярим финалга, ярим финалда ютганлар эса финалга йўл олади. Шунингдек, учинчи ўрин учун ҳам учрашув ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича U-20 Осиё чемпионати 2017 йилнинг 16–26 май кунлари Бангкок шаҳридаги Bangkok Arena ва Huamark Indoor Stadium спорт мажмуаларида ўтказилади.
Фикрлар