Ҳамиджон Актамов: Жамоамизда ҳамма нарса яхши, ички муҳит ҳам зўр. Аммо, натижа омадга ҳам боғлиқ

Навоийнинг “Қизилқум” клубини ҳам ушбу мавсумдан умиди катта. Улар ёзги йиғинни ўзлари ўйлаган режа асосида ташкиллаштиришди. Бунгача “Қизилқум” жамоаси ўз ўйинлари билан рақиблари учун совға эмаслигини кўрсатди. Бош мураббий Ҳамиджон Актамов ҳам жамоасининг имкониятини юқори баҳолаётгани эътиборга молик. SPORTS.uz муҳбири эса тажрибали мутахассис билан бир қатор масалалар хусусида суҳбатлашди.

- “Қизилқум” жамоасининг ёзги йиғинидаги тайёргарлиги сизни қониқтирдими?

- Тайёргарлигимиз олдиндан ишлаб чиқилган режамиз асосида давом этяпти. Бир сўз билан айтганда, ишларимиз зўр. “Бунёдкор” билан ўйинга жиддий ҳозирлик кўряпмиз. Худо хоҳласа, ўша учрашувда ғалаба қозонамиз деб умид қиламан.

- Таркибда айрим ўзгаришлар юз бераётгани ҳақида эшитяпмиз. Ушбу масалага ҳам ўзингиз ойдинлик киритиб ўтсангиз. Масалан, кимлар келди ва кимлар кетди?

- Шу кунларда ҳаммаси 100 фоиз аниқ бўлади. Ҳозир эса биргина Салим Мустафоевни расман жамоамиз аъзосига айланди деб айтишим мумкин. У билан шартнома имзоладик. Ўзи ортиқча футболчи олмоқчи ҳам эмасман.

- “Қизилқум”ни тарк этган футболчилар ҳақида ҳам айта оласизми?

- Андрей Сидоров кетди. Прохоров билан ҳам хайрлашдик. Шунингдек, Алишер Юсупов ҳам жамоамизни тарк этди. Асосан шулар.

- Ёзда таркибда жиддий ўзгаришлар қиламиз дегандингиз...

- Ҳа, шундай ўзгаришларни амалга оширмоқчи эдим. Лекин яна ўйинимизга таъсир қиларди ва бошқаларга жавоб беришим керак бўларди.

- “Қизилқум”нинг дастлабки босқичдаги иштироки ҳақида нима дея оласиз? Ҳар холда бошида мавсумни бўш бошлаб, кейинчалик натижалари бироз яхшиланди.

- Ҳа, охирида мавсумни яхши тугатдик. Менимча, қониқарли бўлди. Жамоамиз янгилиги учун бошида қийналганимиз рост. Айниқса, футболчиларнинг бир-бирини тушуниб олишлари учун вақт керак бўлиб қолди. Шу босқичдан ўтиб олганимиздан кейин ҳаммаси изига тушиб кетди. Энди бундан буёғига ҳам яхши натижалар кўрсатиш учун тайёргарликни жиддий равишда олиб боряпмиз. Бир қатор ўртоқлик учрашувларини ҳам ўтказдик. Масалан, “Қўқон-1912”, “Бухоро” ва “Навбаҳор” каби жамоалар билан ўйнадик. Ҳозирча ҳаммаси яхши, мен учун қониқарли.

- Чемпионатни қониқарсиз бошлаган пайтларингда жамоа учун босим кучайиб кетди. Ҳаттоки, адашмасам 3-турдан кейин сизнинг истеъфога чиққанингиз ҳақида ҳам хабарлар кенг тарқалди ва яна ишга қайтибди дея вазият бироз юмшатилди. Ўша пайтлардаги босимни қандай енгиб ўтдингиз?

- Бу футболда бўлиб турадиган интрига. Бунга ўрганиб ҳам қолганман. Бундай гап-сўзларга эътибор бермасликка ҳаракат қиляпмиз. Шунчаки, жахл устида киши ўзи билмас ҳолатда нимадир айтиб юбориши мумкин. Аммо менинг истеъфога чиқишим ҳақида ҳеч нима бўлмаган.

- Навоийлик мухлислар мавсумнинг иккинчи босқичидан янада кўп ютуқларни кутишяпти...

- Имконият ҳар доим бўлган. Лекин омадга ҳам озгина боғлиқ. Жамоамизда ҳамма нарса яхши. Ички муҳит ҳам зўр. Бизда ҳеч қанақа камчилик йўқ. Раҳбарларимиз, ҳомийларимиз ва ишқибозларимизни ғалабаларимиз билан хуранд қиламиз деган ниятдамиз. Мақсадимиз эса кучли олтиликка кириб олиш.

- Сиз билан қишда гаплашганимизда грузиялик зўр ўйинчини олиб келдим дегандингиз. Чиндан ҳам Элгужа Григалашвилининг ўйини ҳаммага ёқяпти. Тўғриси, айни пайтда у чемпионатимиздаги легионерлар орасида энг яхшиси бўлиб турибди. Қизиқ, уни қандай топиб келдингиз?

- Бизнинг чемпионатда худди шу каби ўйнайдиган футболчи йўқ. Тўғриси, бундай легионернинг Ўзбекистонга кириб келиши бошқаларга ҳам ўрнак бўлади. Маҳаллий ўйинчилар унга қараб қандай ўйнашни ўрганишади. У Европада тўп сурган ва у ернинг футболидан кўп нарса ўрганган. У ўйин тизгинини ўз қўлига олишни билади ва қўрқмасдан рақиб жарима майдони ичига кириб боришни хуш кўради. Мен уни ортиқча мақтамоқчи ҳам эмасман. Ҳар ҳолда унинг қандай футболчи эканлигини ўзларинг ҳам кўриб турибсизлар. Лекин бундай савиядаги ўйинчи охирги пайтларда чемпионатимизда камайиб кетган. Уни қандай топганимга келсак, изланган имкон топади деган гап бор. Албатта, бу борада анча изландик. Бизга шунақа ўйинчи етишмаслигини олдиндан билардим.

- Демоқчиманки, аксарият клубларимиз ҳам легионерларни олиб келишади. Уларни чақиришдан аввал видеороликларини кўришади ва кейин таклиф қилишади. Аммо улар Грилашвилидек ўйнашмайди. Лекин сиз бу сафар бошқаларга легионер танлаш қандай бўлиши кераклигини кўрсата олдингиз. Айтинг-чи, Григалашвили сиз учун ҳам сюрприз бўлдими?

- Тўғри айтдингиз, бошқалар легионерларнинг видеоролигини кўриб олиб келишаверади. Лекин мен бундай роликларга ишонмайман. Унинг ўйинини шахсан ўзим кўриб, кузатганман. Қолаверса, Грузиядаги мураббийлар билан ҳам гаплашганимда яхши ўйинчини олиб кетаётганимни алоҳида айтишган. Дўстларим ҳам ушбу футболчи ҳақида жуда илиқ фикрларни айтишган. Шундан сўнг ҳеч иккиланмай Элгужани олиб келдим. Барибир тан олишим керакки, ушбу ўйинчи борасида омадимиз келди.

- Охирги пайтларда айнан Григалашвилига қизиқаётган жамоалар кўпайиб бораётгани ҳақида кўп эшитяпман. Энди уни жамоада олиб қолиш сизга қийинчилик туғдирмаяптими?

- Йўқ, нимага қийинчилик бўлади? У бизнинг футболчимиз. Григалашвили билан келаси йил учун ҳам шартномамиз бор.

- У билан шартномани узайтиришга улгурдингизми?

- Ҳа, уни олган пайтимдаёқ икки йилга шартнома тузганмиз.

- Агар унинг ўйин сифати ва легионер мақомидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, жамоадаги энг кўп ойлик маошни айнан грузиялик футболчи оладими?

- Йўқ. Бу ҳақида сизга маълумот бера олмайман.

- Бу йилги Суперлигада ўсиш қай тариқа юз беряпти деб ўйлайсиз?

- Суперлига жуда қизиқарли ўтяпти. Жамоалар учун бўшашишга умуман вақт йўқ. Ҳар бир ўйин жуда ҳам муҳим. Шу боис жорий йилги чемпионат анча кучли ўтяпти. Хуллас, менга жуда ёқяпти. Ўсиш борлиги яққол билиниб турибди.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!