“Ҳоким Кубоги–2017” кундалиги: Сўнгги кун
26 январь куни старт олган “Вилоят Ҳокими Кубоги-2017” мусобақаси 7 февраль куни якунига етди. Кеча турнирнинг финал учрашуви бўлиб ўтди.
“Қўқон-1912”нинг тарихий ғалабаси
Ушбу мусобақанинг тўртинчи чемпиони номи ҳам маълум бўлди. Бу кунга қадар “Вилоят Ҳокими Кубоги”да учта жамоа бош соврин эгасига айланганди. 90 йиллар охирида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси мусобақани биринчи ўринда тугатганди. 2004 йилги баҳсларда эса Қувасойнинг “Цемнтчи” клуби ғолибликни қўлга киритганди. Ўша йилги финал учрашувида “Цементчи”нинг ҳар икки таркиби ўйнаганди. Шундан кейин қаторасига 13 йил “Нефтчи” анъанавий турнирда бош совринни ҳеч кимга бермай келаётганди. 2015 йилга қадар ҳал қилувчи баҳсда “Нефтчи”нинг иккита таркиби тўп суриши одатга айланганди. Сўнгги икки йилги финалда эса фарғоналикларга иккита жамоа рақиблик қилди. 2015 йили – “Қўқон-1912”, 2016 йили – “Қизилқум”.

Жорий йилги мусобақада эса финалга томоман бошқа клублар етиб келишди. Биринчи лиганинг янги вакили -“Истиқлол” жамоаси турнирнинг ҳақиқий кашфиёти бўлди. Жамоа финалга қадар Олий ва Биринчи лиганинг кучли жамоаларига қарши майдонга тушиб, тўртта ғалаба ва битта дурангга эришди.
“Қўқон-1912” жамоаси эса ўз гуруҳида учта ғалаба ва битта дуранг қайд этди. Ярим финалда эса Муборакнинг “Машъал” жамоаси доғда қолдирилди.
Финал баҳси кутилганидек, шиддатли ва кескин курашлар остида ўтди. Ҳар икки бўлимда биттадан гол киритган қўқонликлар якунда бош совринни қўлга киритишди.
7 февраль куни Қўқон футболи тарихида янги саҳифа очилди. “Қўқон-1912” клуби “Вилоят Ҳокими Кубоги-2017” ғолиби сифатида тарихдан жой олди. Кези келганда, бу йилги мусобақа юқори савияда ташкил этилганини эътироф этиш жоиз.
Финал учрашуви якунига етгач, мусобақа асосий ташкилотчиси Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар ҳам аниқланиб, улар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Хусусан, “Қўқон-1912” вакиллари – Акмал Холмуродов, Суҳроб Бердиев ва Филип Райевацлар энг яхшилар қаторида тилга олиниб, телевизор билан тақдирланишди.
Шунингдек, “Истиқлол” жамоаси аъзолари – Дониёр Усмонов ва Хайрулло Мадаминовлар ҳам тақдирланишди. Бундан ташқари, “ФарДУ”, “Нефтчи-2” жамоаларига ҳам телевизор берилди. Тақдирланганлар қаторида мусобақани ёритиб борган – “Қўқон-1912” матбуот хизмати ҳам бор эди. Хуллас, мусобақа мана шундай байрамона кайфиятда якунига етди.
- “Ҳоким Кубоги-2017” кундалиги: Биринчи кун
- "Ҳоким Кубоги-2017" Кундалиги. Иккинчи кунги натижалар
- “Ҳоким Кубоги–2017” кундалиги: Учинчи кун
- “Ҳоким Кубоги–2017” кундалиги: Бешинчи кун
- “Ҳоким Кубоги–2017” кундалиги: Олтинчи кун
- “Ҳоким Кубоги–2017” кундалиги: Еттинчи кун
- “Ҳоким Кубоги–2017” кундалиги: Саккизинчи кун
- “Ҳокими Кубоги-2017” кундалиги: Тўққизинчи кун
- “Ҳоким Кубоги–2017” кундалиги: Ўнинчи кун
- “Ҳоким Кубоги-2017” кундалиги: Ўн биринчи кун

Фикрлар