Жорий йилнинг 25-29 июль кунлари Рига шаҳрида стол тенниси бўйича Халқаро турнир бўлиб ўтди (фото)
Стол тенниси бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Саида Маҳмудованинг таъкидлашича, мусобақада Россия, Беларусь, Эстония, Литва, Латвия, Ўзбекистон каби 10 та давлатдан 80 нафар спортчи иштирок этган. Халқаро турнирда стол тенниси бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари 3 та олтин (Исломбек Султонов, Суғдиёна Мадалиева, Мақсуд Рустамов), 3 та кумуш (Машҳура Убойдуллаева, Қутбидилло Тешабоев, Регина Ким) ва 3 та бронза (Муҳриддин Ражабов, Моҳирўй Камолова, Розалина Хожиева) медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1 ўринни қўлга киритишди.
Шунингдек, шу йилнинг 2 - 6 август кунлари стол тенниси бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларидан 6 нафари Хитой давлатининг Гонг - Конг шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро турнирда иштирок этиш учун жўнаб кетади.
Ушбу Халқаро турнирда дунёнинг кучли спортчилари, жумладан Осиё ва Олимпия ўйинлари ҳамда Жаҳон чемпионати совриндорларининг қатнашиши кутилмоқда. Мазкур нуфузли мусобақада ҳам вакилларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларини Халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлиб бораётганлигида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Ўзтелеком” акциядорлик компанияси, мураббийлар кенгашининг ҳам ўз ҳиссаси бор.
Фикрлар