Каратэчиларимиз ҳиндистонлик спортчи ва мураббийларга мастер-класс кўрсатишди
Ўзбекистонлик каратэчиларнинг Осиёда ўзига хос обрў-эътиборга эга эканлиги барчага маълум. Шу боис ҳам қитъамизнинг кўплаб мамлакатлари каратэчиларимиз, спортчилар билан тажриба алмашиш, биргаликда ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш истагини билдирадилар.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайтининг хабар беришича 20-21 декабрь кунлари пойтахтимизда ҳиндистонлик каратэчилар учун маҳорат сабоқлари ташкил этилди. Икки кун давомида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Ўктам Бекпўлатов Ҳиндистондан ташриф буюрган каратэчилар ва уларнинг мураббийларига маҳорат дарсларини ўтиб берди. Мазкур йиғин орқали спортчилар 2019 йилги А Серия, Премьер-лига мусобақалари олдидан ўзига хос тажриба тўпладилар десак муболаға бўлмайди.
Ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси раиси Аламжон Муллаев билан учрашиб, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, каратэни янада ривожлантириш ва бошқа масалаларни муҳокама қилишди. Томонлар яна уч ойдан сўнг Тошкент шаҳрида навбатдаги маҳорат сабоқларини қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш бўйича келишиб олдилар.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги Олимпия ўйинларида илк маротаба каратэ бўйича мусобақалар ташкил қилинади.
Фикрлар