“Лион” - “Барса”: учрашув ғолиб ва мағлублари (Эркин Ғайбуллаев блоги)
Кеча ЕЧЛнинг навбатдаги жуфтликлари дастлабки учрашувларини ўтказишди. Унда бир қатор кучли жамоалар бирорта ҳам гол ура олишмади ва ЕЧЛ тарихида иккинчи маротаба бир кунда ўтказилган икки жуфтлик ўйинлари натижаси 0-0 ҳисобида ўз поёнига етди. Шулардан бири “Энфильд”да “Ливерпуль” ва “Бавария” ўртасида кечган бўлса, иккинчиси “Стад де Лион”да маҳаллий “Лион” клуби “Барселона”ни меҳмон қилди.
“Кўк-анорранглилар” афтидан “Рома”дан учралган мағлубиятдан етарлича хулоса чиқармаган кўринади. Месси етакчилигидаги жамоа сафарда гол уришнинг уддасидан чиқа олмади ва ўзларини жавоб учрашуви олдидан қийин аҳволга солиб қўйди. Хўш, ушбу жуфтлик ўйинидан кимга фойда, кимга зарар?
Ғолиб: Бруно Женезио
“Лион” гуруҳ босқичида нақ 11 гол ўтказиб юборди. 11 та! Ноябрь ойида бу стадионга ташриф буюрган “Хоффенхайм” икки гол урганди. “Хоффенхайм”-а! ЕЧЛ ғолиблигига асосий даъвогар “Барса” эса бунинг уддасидан чиқа олмади.
Энг қизиқ томони, “Лион” ўз жарима майдончаси олдида “автобус”ни қўйишни раво кўрмади. Аксинча мезбонлар фақат олдинга интилишди. Тер Штегенни доғда қолдира олишмаган бўлса ҳам каталонияликларга қарши ҳужум уюштиришлари учун бўш зоналарни очиб беришди.
Жами улар 25 зарбани қабул қилиб олишди, шунга қарамай ўз дарвозалари даҳлсизлигини ҳам сақлаб қолишди. Энди “Камп Ноу”даги жавоб учрашувида уриладиган ҳар қандай битта голга каталонияликлар икки гол билан жавоб қайтариши керак. Бруно Женезио учун ижобий ҳолат, албатта.
Мағлуб: Эрнесто Вальверде
“Кўк-анорранглилар” мухлислари Вальверденинг янги шартномасини узайтирганини илиқ кутиб олишмаганди. Бундай ўйиндаги натижа уларни яна ғазабини қўзғатиши мумкин.
Вальверде уч кишилик ярим ҳимоясини босим қилиш ва ҳимояланиш билан чеклаб қўйди. Энг ёмони Усмон Дембеле ҳам тез-тез ортга қайтиб уларга ёрдам берди. Бу ҳолат олдинга бориш керак бўлган бир пайтда содир бўлаверди.
Дембеле ўрнига туширилган Коутиньо яна йўқолиб қолди. Кулгили спорт формасида бўлган Луис Суарес ҳам ҳеч нарса қила олмади. Тезкор Малком эса сўнгги 15 дақиқада чарчаб қолган “Лион” футболчиларига жиддий хавф туғдириши мумкин эди. Аммо уни кўрмадик. Карлес Аленьяни ярим ҳимояга тушириб бир нималар ўйлаб кўрса ҳам бўларди.
Валвьерде мавсум стартида бундай ротацияни ажойиб тарзда уддалаганди. Аммо ҳужумкор футболчиларга тўлган бундай таркиб учун нотўғри мураббийга айланмоқда.
Ғолиб: Жейсон Денайер
Белгиялик марказий ҳимоячи бўлажак юлдуз ҳимоячига айланса ажабмас. Етишиб чиқаётган бундай юлдузча Бельгия термасидан Венсан Компанини сиқиб чиқариши ва терманинг янги олтин авлодига сардорлик қилиши шубҳасиз. Ҳар холда “Манчестер Сити” бунга умид қилганди. Аммо кўплаб ижаралар унинг ривожланишига ҳалал берди ва ўтган ёзда “Лион”га кўчиб ўтди.
Ўшандан бери у ўз ўйинини қайта топиб олди ва нима учун кўпчилик унга умид қилганини исботлашга киришиб кетди. Денайер “Барселона”га қарши супер ўйинини ўтказди. Суарес ва у бошчилигидаги ҳужумчиларни тўхтатиб қолди.
Мағлуб: Луис Суарес
Ўтган дам олиш кунида уругвайлик ҳужумчига 30 дақиқалик ўйин амалиёти берилганди. “Реал Вальядолид”га қарши самарали ўйнаган бўлсада, яна ўз ҳисобига гол ёзиб қўйишни уддасидан чиқмаганди. У ўшанда нақ тўртта қулай вазиятни кўкка совурганди. Францияда ҳам у ўз “анъанаси”га содиқ қолди. Тўғриси Денайер ундан яхшироқ ҳаракат қилди.
Жанубий Америкалик ҳужумчи “Лион”га қарши тўғри ҳаракатлана олмади, унинг тўп билан муомаласи, ҳаракатланиши меъёридагидек бўлмади. Нотўғри қарорлари билан бирга сўнгги зарбанинг етишмаслиги нафақат унга, жамоадошларига ҳам қимматга тушди. Энди ўйин тақдири “Камп Ноу”да ҳал қилинадиган бўлди.
Фикрлар