Аутсайдерларга яна қийин ёхуд Суперлигада сиз кутаётган ўйинлар

  • 5 август, 01:18
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Бугун Суперлигада 17-тур бошланади. Тошкент дербисидаги “Пахтакор” – ОКМК беллашуви орқали тур баҳсларига старт берилади. Бу гал ҳам муросасиз учрашувлар мухлисларни кутмоқда.

Tecno

5 август

20:00. “Пахтакор” – ОКМК

Мазкур клубларни бир очко ажратиб турибди. “Пахтакор” ва ОКМК иштирокидаги ўйин доим кескин руҳда ўтиб келган. “Пахтакор” ютадиган бўлса, рақибидан ўтиб кетади. Иккала жамоа иккинчи даврани ғалаба билан бошлади. Клубларни бу галги тўқнашуви ҳам яна ишқибозларнинг диққат-марказида. “Пахтакор” ҳам, ОКМК ҳам бундай принципиал баҳсда мағлуб бўлгиси келмайди. Бу ўйинда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

6 август

19:00. “Навбаҳор” – “Сўғдиёна”

Иван Бошкович жамоаси ёзги селекцияда ўзига керакли ўйинчиларни таклиф қилди ва таркибини кучайтирди. Уларнинг орасида “Навбаҳор”нинг собиқ легионери Филип Иванович ҳам бор. Лекин жиззахликлар ўтган турда уйида “Насаф”га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. “Навбаҳор” Самарқандда мағлубиятдан қутулиб қолди. Наманганда жиддий тўқнашув гувоҳига айланамиз. Ғалаба иккала жамоага ҳам зарур. “Сўғдиёна”ни иккинчи даврада ўз мақсади бор. Бу йўлда очколар уларга жуда зарур. “Навбаҳор”да ҳам шунақа вазият. Томошабоп ўйин кўришимиз шубҳасиз. Мухлислар эффекти мезбонларга ёрдам бериши кутилмоқда. Қолганини вақт кўрсатади.

20:00. “Машъал” – “Динамо”

Бу ўйинда фаворит “Динамо”. Солиштириш учун “Машъал”да 15, “Динамо”да 30 очко мавжуд. Ўйин сифати бўйича ҳам Вадим Абрамов жамоаси устун. Агар самарқандликлар рақибни кучига етарли баҳо бермаса ўзларига қўшимча муаммолар туғдиради.

7 август

19:00. “Қўқон-1912” – “Нефтчи”

Қўқонликлар яна бир водий дербисида ўйнайди. Ўтган турда сафарда “Андижон”га 3:0 ҳисобида енгилган “Қўқон-1912” ўз уйида “Бунёдкор”га ютқазиб қўйган “Нефтчи”га қарши майдонга тушади. Иккита мағлуб жамоалар ўртасидаги учрашувни кузатиш янада қизиқ. Бу нафақат водий дербиси, балки Фарғона дербиси ҳам саналади. Иккала клубда ҳам вазият қониқарли эмас. Чемпионлик йўлидаги “Нефтчи” ва унинг устози танқидларга қолиб кетди. Қўқонликлар анчадан бери ғалаба қозона олмай келяпти. Биринчи даврада Фарғонада ушбу жамоалар 0:0 ўйнашганди. Албатта, “Нефтчи” таркиб ва ўйин жиҳатидан рақибидан кучли. Буни амалда ҳам кўрсата олармикин?

20:00. “Насаф” – “Андижон”

Иккала клуб иккинчи даврани ғалаба билан бошлади. “Насаф” амалдаги чемпион сифатида унинг камарини ҳимоя қилмоқда. Май ойида ушбу жамоалар Ўзбекистон Суперкубогида тўқнаш келишган ва унда қаршиликлар ягона гол эвазига ғолиб чиқишган. Максим Шацких “Насаф”га қарши аниқ режа тайёрлаши тахмин қилинмоқда. У ҳам рақибнинг кучини яхши билади. Ўз ўрнида “Андижон” ҳам иккинчи даврада анча кучайгани кўринмоқда. Бу ўйин мухлисларни асло зериктириб қўймайди.

8 август

19:00. “Хоразм” – “Сурхон”

Бу ҳам яхши ўйин бўлади. Ҳаким Фузайлов жамоаси иккинчи даврани Ғузорда “Шўртан”га қарши бошлади ва иродали ғалабага эришди. “Сурхон” эса ўз уйида “Қизилқум” билан дуранг ўйнади. Биринчи даврада “Хоразм” “Сурхон” майдонида ғалаба қозонгани ёдимизда. Бу сафарги беллашув ҳам қизиқарли ўтса керак. Имкониятлар тенгдек кўринмоқда, аммо ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилиши ҳам мумкин.

20:00. “Қизилқум” – “Бухоро”

Ёзги трансфер пайтида Шохруз Норхонов “Бухоро”дан “Қизилқум”га кўчиб ўтди ва у энди собиқ клубига қарши ўйнайди. “Қизилқум” ҳам, “Бухоро” ҳам бир-бирига муносиб рақиблар. Аввало ҳимояда эхтиёткорликка эътибор берадилар. Кўп гол кўрмасак керак.

21:15. “Бунёдкор” – “Шўртан”

“Бунёдкор” Илёс Зейтуллаев бошчилигида иккинчи даврани жуда муҳим ғалаба билан бошлаганини биласиз. Фарғонада “Нефтчи” таслим қилинди. Охирги ўриндаги “Шўртан” эса ютқазди. Энди Тошкентда “Бунёдкор”га қарши майдонга тушишади. Кўриниб турибдики, ғузорликларда кайфият яхши эмас. Охирги ўринда ва устига-устак “Бунёдкор”ни ютиши керак. Аммо бунга жамоани кучи етармикин? “Бунёдкор” ўз ўйинини кўрсатса шубҳасиз уч очкони қўлга киритади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!