Марат Бикмаев: Майдонда боримизни бериб ҳаракат қилсак, натижага албатта эришамиз
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Марат Бикмаев Осиё Кубоги гуруҳ босқичидан ўрин олган Уммонга қарши ўйинга тайёргарлик ҳақида ЎФА Матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Биз Уммонга қарши ўйинга одатдагидек тайёргарлик олиб боряпмиз. Бўлажак ўйиндан бошқа ҳеч нарсани ўйламаяпмиз. Бор фикру хаёлимиз биринчи ўйинни чиройли ўтказиб, ғалаба қозонишга қаратилган.
Осиё Кубоги каби катта мусобақаларда тўпурарлар рўйхатидан жой олишни ҳар бир ҳужумчи орзу қилиши аниқ. Мен ҳам бу рўйхатга кириш учун астойидил ҳаракат қиламан. Аммо мен учун шахсий натижадан кўра жамоа қайд этадиган натижа муҳим. Агар терма жамоамиз Осиё Кубогида муваффақият қозонса, тўпурарлар рўйхатига кира олмасам ҳам хафа бўлмайман.
Уммонга қарши асосий таркибда ким тушишини мураббий ҳал қилади. Биз эса майдонда боримизни бериб ҳаракат қилишга тайёр турамиз. Шундай қилсак, натижага албатта эришамиз", - дейди Марат Бикмаев.
Фикрлар