“Металлург-вумен” йиғинни бошлади

“Пахтакор” футбол клубининг Чилонзор туманидаги ўқув-машғулот масканида 17 январь санасидан эътиборан ҳар куни икки маҳалдан олиб борилаётган машғулотлар 27 январь санасида поёнига етади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Машғулотлар баробарида мураббийлар штаби кўрик-назорат учрашувларига ҳам эътибор қаратишмоқда. Жумладан Аваз Махсумов етакчилигидаги “Металлург” қизлари бугун мезбонлар – “Пахтакор-вумен”га қарши тўп суришди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Голларни бекободликлардан Мавлуда Мунавварова ҳамда Юлдуз Набиевалар (2 та) киритишди.

"Бугун 2019 йил ҳисобидан биринчи ўйинни ўтказдик. Жамоамизда кўрикдан ўтаётган қизлар бор. Асосий таркибимизнинг бир қатор ўйинчилари Ўзбекистон олимпия терма жамоаси йиғинида қатнашишяпти. Дарвозабонимиз Гуландом Бойматова, ўтган йилги тўпураримиз Дилдора Нозимова ҳамда бу йилдан бизнинг клубда ўйнашни истаган ва келишувга эришган Фазилат Баҳромовалар шулар жумласидандир. Биринчи учрашув бўлганлиги боис анча пайт ўйинимиз қовушмади. Иккинчи таймга келиб майдонга мослашдик. Ўйинимиз ҳам чиқа бошлади. Гол муаллифларидан ташқари иккита голга ассистентлик қилган Диёра Эркиновани ажратиб кўрсатмоқчиман. Биринчи йиғиннинг сўнгги куни “Локомотив-вумен” жамоасига қарши яна битта назорат ўйини ўтказишни режалаштиряпмиз", - дейди жамоа бош мураббийи Аваз Пархатович.

“Пахтакор”га қарши учрашувни бекободликлар қуйидаги таркибда ўтказишди: Нигора Ўзганова, Нозима Камолтоева, Маҳфуза Жўраева, Юлдуз Набиева, Эльвина Аблякимова, Шоира Қултураева, Мавлуда Мунавварова, Гулзода Саидова, Зебо Жўраева, Гулчеҳра Маматисақова, Диёра Эркинова

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!