Ўзбеклар ҳали ўз сўзини айтади? Гуруҳдан чиқишимизга қайси хорижлик экспертлар ишоняпти?
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатида доирасида Колумбияга қарши ўтказган тарихий ўйини кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. “К” гуруҳининг биринчи турида ўзбек футболчилари 1:3 ҳисобида рақибга имкониятни бой бериб қўйди.
Россия футбол жамоатчилиги вакиллари МДҲ ҳудудидан жаҳон чемпионатида иштирок этаётган ягона терма жамоа ҳисобланган Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаяпти.
Дмитрий Хомуха, ЦСКА собиқ футболчиси:
ЦСКА таркибида тўп сурган машҳур футболчи Дмитрий Хомуханинг фикрича, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқиш учун муносиб кураша олади.
- Ўзбекистоннинг плей-офф босқичига чиқиш имкониятлари ҳали ҳам сақланиб турибди. Тўрт очко кейинги босқичга йўлланмани деярли кафолатлайди. Бундай сценарийни инкор этмаслик керак, - дейди Хомуха “Советский спорт” нашрига.
Мутахассиснинг таъкидлашича, навбатдаги учрашувда Ўзбекистон Португалияга қарши камида дуранг қайд этиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Португалия биринчи турда Конго Демократик Республикаси терма жамоаси билан ўйинда ғалаба қозона олмади, беллашув 1:1 ҳисобида якунланди.
Дмитрий Губерниев, таниқли шарҳловчи:
- Ўзбекистон футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳали ўз сўзини айтади! Порлайвер, Тошкент – Шарқ футболининг юлдузи!, - деб ёзди Губерниев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Александр Григорян, россиялик мураббий:
- Ўйиннинг иккинчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси фақат мудофаага ёпишиб олмайдиган жамоа эканини кўрсатди. Майдонда улар ҳужумда ҳам ўйнай олишини намойиш этди, бу эса жуда муҳим омил сифатида қайд этилмоқда.
Ўйин охирида ўзбекистонликлар иккинчи голни ҳам уриш имкониятига эга бўлишди.
Фабио Каннаваро номининг ўзи руҳий таъсир кўрсатяпти ва бу қисқа муддатда жамоага ёрдам беради. У жамоага ҳимояда ишонч бағишлади, – деди Александр Григорян “Матч ТВ” эфирида.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирча Ўзбекистон “К” гуруҳида ҳали очкога эга бўлмаган ягона терма жамоа бўлиб турибди.
Фабио Каннаваро шогирдлари навбатдаги учрашувни 23 июнь куни Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоасига қарши ўтказади. Гуруҳдаги охирги баҳсда Ўзбекистон жисмонан бақувват футболчилардан таркиб топган Конго Демократик Республикаси терма жамоаси билан ўйнайди. Бу баҳс 28 июньга белгиланган. Ҳар икки учрашув АҚШ ҳудудида ўтказилади.

Фикрлар