Миш-мишлар асоссиз, келаси мавсум ҳам Суперлигада 12та жамоа иштирок этади

Футбол ишқибозлар орасида келаси мавсум Суперлигада иштирок этадиган жамоалар сони ошиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар урчиб кетди. Аммо, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг "Дарё"га берган интервьюсида 2019 йилги мавсумда ҳам Суперлигада жамоалар сони 12 та бўлиб қолишини айтган.

"Баъзи клублар келаси йил Суперлигада жамоалар кўпаяр экан деб, бемалолгарчиликка берилаётганидан хабаримиз бор. Бироқ улар хато ўйлашмоқда. Профессионал футбол лигаси спорт принципларини сақлаб қолиш учун ҳам жамоалар сонини ўзгартирмайди. Суперлигада 2019 йилги мавсумда ҳам 12 та клуб тўп суради.

2018 йилги мавсум ҳар бир клубнинг асл юзини кўрсатиб берди. ПФЛ йил бошидан буён жамоаларни огоҳлантириб келганига қарамай, ҳали ҳам қарздорликлари осилиб ётган, футбол академияси ҳақида ўйламаётган клублар етарлича. Бироқ улар билиб қўйишсинки, футбол академияси йўқ бўлган клублар келаси мавсум лигага қўйилмайди. Биламан, бу ишни бирданига амалга ошириш қийин. Бироқ улар йил бошидан буён бу ҳақда билишади, ҳаракат эса йўқ. Охирида кеч бўлишини тушуниб етишмаяпти. Академия борасида савол ва қандайдир ёрдам керак бўлса, ЎФА ёрдамга тайёр. Бизнинг бу борада ўз режаларимиз бор.

10 та ҳам қолдирсак бўларди, бироқ Чемпионлар Лигасидаги квоталаримиз камайиб кетиши мумкин. 14 та қилиб қўйсак, Про-лигада мақсадсиз жамоалар кўпайиб кетади. Про-лигада ҳам юқори дивизион учун кимдир курашиши керак-ку! Ҳозир «Машъал» бор, «Сурхон» бор, «Шўртан», «Динамо», «Истиқлол» бор. Яъни, 5 та клуб жиддий курашяпти. Шунинг учун ҳам Суперлигада 12 та клуб тўп суриши мантиқлироқ.

Ҳа, айтганча, формат борасида гап-сўзлар кўп бўлди. У бошқача гапиради, бу бошқача. Мураббийлар, футболчилар, клублар раҳбарияти кўп гапирмай, футболини ўйнасин. Чемпионатни ҳамма бир хилда 0 очко билан бошлади ва бир хил шароитда тугатиш арафасида. Ҳеч кимга ён босилмаган. Шундай экан, форматни кавлаштиравермай, футболини ўйнасин ва қўлидан келса, ҳамма ўйинни юцин. Шунда ким уларни чемпионликдан маҳрум қила олади?!", - дейди Умид Аҳмаджонов.

Таъкидлаш керакки, 16 октябрь куни ЎзПФЛда бўлиб ўтган йиғилишда келаси мавсум Суперлигага чиқишни мақсад қилган Про-лига клублари ўртасида йиғилиш бўлиб ўтган ва унда юори дивизионга чиқадиган жамоаларнинг олдига қўйиладиган талаблар айтиб ўтилган. Клубларнинг молиявий барқарорлиги ҳамда ўз шахсий футбол академиясига эга бўлиши шулар жумласидандир.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!