
Моуриньо ўзидан норози шогирдининг оғзини пул билан ёпади
“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Жозе Моуриньо кутилмаган ва антиқа қарорлари билан доим футбол жамоатчилигини ҳайратга солиб келади. Бу мутахассис тажрибали футболчини бир зумда яроқсиз ўйинчига, ҳеч ким танимайдиган ёш шогирдини жаҳон даражасидаги юлдузга айлантириши мумкин.
Жозе Моуриньо зиддиятли вазиятларни бартараф этишда ҳам ўзига хос йўл тутишини кўрсатди.
“Манчестер Юнайтед” дарвозасини асосан Англия лигаси кубоги ва Европа лигаси мусобақаларида қўриқлаётган иккинчи дарвозабон Серхио Ромеро жамоадан кетиш пайига тушганди. Ўйин амалиёти камлигидан шикоят қилаётган бу дарвозабонни ўз ватанида “Бока Хуниорс” ўз сафига чорламоқда.
Жозе Моуриньо тажрибали дарвозабонга агар клубдан кетиш фикридан қайтса маошини кескин ошириб беришини айтди. Серхио Ромеро ҳозир бу таклиф устида бош қотирмоқда.
Фикрлар