"Қўрқув йўқ" - Баҳром Ҳайдаров "Қизилқум" қандай мағлуб этилгани ва "Навбаҳор"га қарши дерби олдидан

CHERY AUTO

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги сўнгги тур ўйинлари ўтказилди. “Қўқон-1912” ўз майдонида “Қизилқум”ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Натижада “F” гуруҳида қўқонликлар 100 фоизли кўрсаткич билан пешқадам сифатида кейинги босқичга чиқди. “Қизилқум” эса ютқазган бўлса ҳам иккинчи ўрин эгаси билан гуруҳдан чиқди.

“Қўқон-1912” бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров “Қизилқум”га қарши учрашувдан кейин матбуот анжуманида қатнашди.

- Об-ҳавони бироз иссиқлиги билиняпти. Шунақа даврга ўтиляпти. Футболчиларни организми мослашиши қийин. Бугун ҳам ўйин старти барвақт бошлангани сабабли иккала жамоага ўйинни бошланиши қийин бўлди. Бунинг устига “Қизилқум”ни иккинчи таркиб билан келгани футболчиларимизни руҳий тарафдан “настрой” қилинмагани билинди. Бу ҳақида гаплашиб оламиз. Нима бўлганда ҳам охири ғалаба билан тугади. Биз кам ўйнаган ўйинчиларга ҳам имконият бердик. Аралаш таркиб билан майдонга тушдик. Бу Кубок ўйини. Биз кўп гувоҳи бўлдикки, ким қандай таркиб билан келишидан ва қайси лигани жамоаси билан ўйнашидан қатъий назар Кубок учрашувларида ҳар қандай натижа бўлиши мумкин. Хурсанд қиладиган тарафи, учта учрашувда шу нарсани енгга олдик. Гуруҳда 1-ўрин билан чиқдик. Ҳаммани кейинги босқичга чиққанимиз билан табриклайман.

- Захирада ўтирган футболчиларни ўйнатдингиз. Уларнинг ўйинларидан қай даражада қониқдингиз?

- Ўрганиб чиқамиз. Ўйиндан кейин ҳар хил эмоциялар бўлади. Кимдир учрашув пайтида яхши ўйнагандир, аммо фақат хатолари кўзга кўринган бўлиши мумкин. Яхши эпизодларда эътибор бермай қолган бўлишимиз ҳам ҳеч гап эмас. Мисол учун, Хайруллаев, Мухторов, Жўрабоев каби кам ўйнаётган ўйинчиларга кўпроқ имконият бердик. Миродилов тўлиқ ўйнади. Яна Ғофуров, Абдураҳимов каби футболчиларимиз ҳам майдонда тўп суришди. Қониқиш ҳосил қилдикми-йўқми, ўйинни таҳлил қилиб чиққанимиздан кейин маълум бўлади. Умумий маънода, бирортаси ёмон таассурот қолдирмади.

- Ўринбосарлар ўйинини кузатиб боряпман. Миродилов зўр ўйнаяпти. Шу болани қайсидир учрашувларда асосий таркибда кўрсак бўладими? Масалан, “Машъал”га қарши...

- Биласизми, ҳар доим футболчиларимга айтяпман: ўйинчи ўзини-ўзи таркибга қўяди ва ўзини-ўзи таркибдан чиқариб юборади. Ҳеч кимга асосий таркиб эшиклари ёпиқ эмас. Бу йил “заявка” қилиб, танлаган ҳар бир футболчимизга ҳар доим, нафақат “Машъал”, балки кучли клубларга қарши учрашувларда ҳам қўйишга тайёрмиз. Фақат ҳаммани ўзини вақти соати бор. Тайёр бўлса, Миродилов бўладими, Абдураҳимовми, барчаси биз учун бир хил. Мана, ўзинглар таъкидлаб ўтяпсизлар, Миродилов иқтидорли бола. Бекордан-бекорга уни ҳам олиб қолганимиз йўқ. Қолгани ўзига боғлиқ. Биз унга имконият беряпмиз. Тортиб кетса, умуман муаммо йўқ. 

- Аслиддин Тоштемировни жароҳати қанчалик жиддий ва у қанча муддатга сафдан чиқди?

- Биринчи хулосамизга кўра, Тоштемиров менимча биринчи давра охиригача бизга ёрдам бера олмаслиги ҳақида ўйлаётгандик. Лекин эрта ё индинга яна текширувдан ўтади. Барибир яна камида 10-15 кун умуман шуғулланмайди. Менимча, оптимал формасига кириб, ишонарли футболчи сифатида иккинчи даврадан тўлиқ ўйнашни бошласа керак.

- Жамоа Суперлигада кетма-кет иккита ўйинда ютқазди. Олдинда эса Наманганда яна бир оғир учрашув кутиб турибиди. Бўлажак баҳсга бошқача тайёргарлик бўладими?

- Тайёргарлигимиз ўзгармайди. Ҳар бир жамоага бир хил тайёрланамиз. Албатта, ҳаммасини ўрганиб чиқамиз. Тактик жиҳатдан ўзгариши мумкин, лекин қолган жиҳатларда ўзимизни тайёргарлик жараёнимиз бор. Ўзгаришлар озгина бўлади. 10 та тур ўтди, об-ҳавога ҳам қараймиз, ёз фасли келяпти. Машғулотларда бироз ўзгаришлар бўлади. Ҳар бир жамоага қарши рақибни ўрганиб чиқиб, тактик ўзгаришлар бўлиши мумкин холос. Ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз. Кимнидир кучли ёки кучсиз деб ажратмаймиз. Ўз ўйинимизни ривожлантириб боришимиз керак. Футболчиларда руҳий тарафдан ўзларига ишонч бўлса бўлди, рақиб “Навбаҳор” бўладими ёки “Насаф”ми...Албатта, ўтган иккита турда ютқазиб қўйдик. Лекин кейинги турларни ҳар бирига жиддий тайёргарлик кўрамиз, қўрқув йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!