"Навбаҳор"нинг анъанасига чек қўйилди, "Олтин тўп" ерга тушди ва бошқа муҳим янгиликлар
Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.
Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.
1.“Навбаҳор”нинг ўз майдонидаги мағлубиятсиз серияси якунланди. Ўзбекистоннинг уч карра чемпиони “Локомотив” Наманганда мезбонларни йирик ҳисобда таслим этди ва “лочинлар”нинг 2 йилдан бери давом этиб келаётган анъанасига чек қўйди.
Учрашувдан олдин “Навбаҳор” футболчилари “Локомотив” вакилларига “чемпионлик йўлакчаси” ташкил этишди.
Сардор Рашидов 10-дақиқада мезбонлар жарима майдончаси ичидан кучли зарбаси орқали ҳисобни очди.
Иккинчи бўлимни “Навбаҳор” фаол бошлади ва меҳмонлар дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтирди. Аммо “лочинлар” ҳужумларни самарали тарзда якунлай олишмади.
54-дақиқада кетма-кет зарбадан сўнг Сардор Рашидов муваффақиятга эришди. У жамоадошларининг ноаниқ уринишларини муваффақиятли якунлаб, дублга эришди.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада “Локомотив” футболчилари пенальти тепиш тепишди. Ўша вазиятда “Навбаҳор” жарима майдончаси ичида Азизбек Турғунбоев ва Икромжон Алибоев ўзаро тўқнашиб кетди. 11 метрли нуқтадан Кахи Махарадзе тўпни тўрга киритди.
“Локомотив”дан мағлубиятга учраган "Навбаҳор"нинг ўз майдонидаги 2 йиллик мағлубиятсиз серияси якунига етди.
"Лочинлар" охирги бор 2016 йил октябрда ўз уйида "Қизилқум"га 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришганди. Ўша мағлубиятдан кейин “Навбаҳор” энди Наманганда ютқазди.
2.Суперлига йўлланмаси учун ўтиш ўйинлари ўтказилди. “Машъал” кўпчилик кутган ишончни оқламади. Ўзбекистон Кубоги соҳиби эса “Истиқлол”ни аранг мағлуб этди.
3-4 декабрь кунлари Суперлигада қуйи ўринларни эгаллаган ва Про-лигада юқори поғоналардан жой олган жамоалар ўртасида келаси мавсумда Суперлигада иштирок этиш имконини берадиган 2 та йўлланма учун ўтиш ўйинлари ўтказилди.
"Машъал" Суперлигада 11-ўринни эгаллаган “Сўғдиёна” жамоасига қарши майдонга тушди.
Кўпчилик шу ўйинда муборакликлар нималардир қилишини кутганди. Аммо Александр Хомяков шогирдлари билдирилган ишончни оқлашмади. Ўтган йили Суперлигадан четлатилган “Машъал” шу учрашув орқали юқори лига учун муносиблигини исботлаши керак эди. “Сўғдиёна” шу куни рақибдан устун эди. Шохруз Норхоновнинг чалқанча усулда киритган голи нафақат унинг ўзида, балки “Машъал” жамоасининг ҳам хотираларида анча вақт сақланиб қолса ажаб эмас.
Иккинчи ўтиш баҳсида “Истиқлол” Суперлигада 10-ўриндан жой олган АГМК жамоаси билан беллашди. Ўзбекистон Кубоги соҳиби ва ОЧЛ-2019да ҳам ўтиш ўйинида иштирок этадиган олмалиқликлар бу учрашувда анча тер тўкишди. Фарғоналиклар осонликча таслим бўлишмади. Фақатгина АГМКдаги тажриба ўз сўзини айтди.
Шу тариқа, АГМК ва “Сўғдиёна” Суперлигада қоладиган бўлди. Ҳозирча, албатта. Чунки қайсидир жамоа лицензиялашдан ўта олмаса кейинги йил мусобақада қатнашмаслиги ПФЛ мутасаддилари томонидан бот-бот таъкидланмоқда.
3.Футзалчиларимизнинг муваффақиятсизлиги. Тошкентда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати саралашида Ўзбекистон U-20 терма жамоаси финал босқичидан қуруқ қолди. Мураббий охирги сонияларда қандайдир тушунарсиз қарори туфайли Осиё чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдик.
Хабарингиз бор, 1-4 декабрь кунлари Тошкентда футзал бўйича Осиё чемпионати U-20 мусобақасининг Марказий минтақа саралаш баҳслари бўлиб ўтди.
Беллашувлар Эрон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон ҳамда Қирғизистон терма жамоалари ўртасида кечди.
Ҳамюртларимиз дастлабки учрашувда қирғизистонлик тенгқурларини мағлубиятга учратишди. Иккинчи ўйинда Тожикистон терма жамоаси билан куч синашдик. Баҳсни яхши бошладик, гол урдик. Аммо шундан кейин қизил либосда тўп тепган тожикистонлик ёшлар ўйинни тамомила ўзгартиришди. Одатда қизил форманинг асил эгалари эронликлар ҳакат қилишарди. Шу куни рақибимиз ҳам майдонда ўзини Эрон терма жамоасидек ҳис қилган бўлса ажаб эмас. Ҳа айтганча, Тожикистон терма жамоасини эронлик мураббий бошқармоқда.
Энг қизиқ томони шундаки, ҳар бир мураббий ҳар қандай ўйиндан олдин қанақа ҳисоб жамоасини қониқтириши борасида маълумотга эга бўлади. Баҳодир Аҳмедов эса шу куни бизда бу борада шубҳа уйғотди. Чунки мағлубиятга учраётганимизда ҳам қайд этилаётган натижа бизни қониқтирарди ва Осиё чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритар эдик. Аммо учрашув якунланишига бир неча сония қолганда Баҳодир Аҳмедов ўйинга дарвозабон ўрнига ўйновчи дарвозабонни туширди. Бу эса якунда бизни йўлланмадан мосуво қилди. Мураббийнинг бу қароридан сўнг кўпчилик шубҳага борди. Наҳотки мураббий тўплар фарқидаги устунликдан хабари бўлмаса. Мураббий вазиятни ўнглашга ҳаракат қилди десак, жуда ҳам кам вақт қолганда бу ишни амалга ошириш учун Эрон терма жамоаси бўлиши керак.
Ҳуллас, Миржалол Қосимовнинг таъбири билан айтганда болларда айб йўқ. Йигитлар мураббийнинг кўрсатмалари асосида ҳаракат қилишди. Ҳозирги кунда футзалимизнинг бори шу экан.
Ўтган йили футзал ассоциясияси тугатилди. ЎФАда футзал бўлими очилди. Бутун бошли бир спорт турига бўлим камлик қилишини мана натижа кўрсатиб берди.
Одатда футзал ёки футболда қанақадир мусобақанинг мезбони саралаш ўйинларида иштирок этмасдан чемпионатда тўғридан-тўғри қатнашарди. Лекин Эрон Осиё чемпионатини ўзида қабул қилса ҳам саралашда қатнашди. Тўғри, Эрондан сўнг Марказий минтақада бошқа ўринларни қўлга киритган жамоалар ҳам финал босқичига чиқишди. Аммо барибир бу ҳолат тушунарсиз. Яна ҳам қизиғи шундаки, саралашни ўзида қабул қилган жамоа ҳам финалга йўл оларди. Аммо Ўзбекистон бундан мустасно бўлди.
4.Ва ниҳоят “Олтин тўп” 10 йиллик танаффусдан сўнг ерга туширилди. Лука Модрич “Олтин тўп”ни ўзиники қилиб олган Роналду ва Мессидан уни тортиб олди. Футбол мутасаддилари энди бу соврин ерликларда қолади демоқда. Сизчи? Сиз бунга ишонасизми? Мен эса йўқ.
Хабарингиз бор, 3 декабрь куни “Олтин тўп” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Хорватиялик ярим ҳимоячи Лука Модрич совринга эга чиқди. Иккинчи ўрин Криштиану Роналдуга насиб этган бўлса, Антуан Гризманн учинчи поғонани банд этди. Лионель Месси 5-ўринга жойлашди. Муҳаммад Салоҳ эса 6-бўлди.
Лука Модрич бу орқали Роналду ва Мессининг 10 йиллик қўшҳокимлигини бузди. Қанча вақтгалигини билмаймиз. Аммо шоҳсупада ҳозирча Модрич.
Эсингизда бўлса, Кака 2007 йил “Олтин тўп”ни олганида ёнида турган Роналду ва Мессининг кўзларидан ўт чақнаганди, шу иккиси Какага ҳавас кўзлари билан қарарди. Шундан сўнг бу иккиси совринни ҳеч кимга бермасликка қарор қилди ва буни амалда кўрсатиб қўйишди. Шу ўн йил давомида не не жаҳон чемпионлари, мавсум давомида кубокларни қалаштириб ташлаган футболчилар “Олтин тўп” учлигига кирганку, лекин уни юта олмаган. Роналду ва Мессининг номи барчасини босиб қўярди. Терма жамоа мураббийлари, футболчилар, журналистлар овоз бериш жараёнида, мавсумда ким қанақа ютуққа эришганлигини унитарди. Бу йил эса ундай бўлмади. Модрич ўз меҳнатлари самарасини 33 ёшида кўрди. Тўғри, у жамоаси таркибда барча совринларга эга чиққан. Лекин барибир “Олтин тўп”, “Олтин тўп”да!
Кака йиллар ўтиб “мен «Олтин тўп»ни қўлга киритган охирги ерликман” деганди. Модрич эса ушбу “Олтин тўп”ни унга муносиб бўлган, аммо қўлга кирита олмаган барча футболчиларга бағишлади. Бу юқоридаги фикрларимизга ишорадир.
Модрич бу совриннинг чин манодаги эгаси. У мавсум давомида совринларни қўлга киритиш билан бирга, жаҳон чемпионатида Хорватия терма жамоасини ўз ортидан етаклади. “Реал” билан учинчи марта ЕЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарди. Месси ва Роналду ўйнаётган пайтда "Олтин тўп"ни ютган хорватиялик футболчи номи тарихда қолади.
Роналду ва Мессининг эраси тугамади. Бунга ишонмайман. Чунки “Олтин тўп”ни 33 ёшли футболчи қўлга киритди. Агар неймар ёки Мбаппе каби нисбатан ёшроқ футболчилар қўлга киритишганда, энди улар Роналду ва Мессини совриндан узоқлаштиради деган фикрга борардим. Шуниси, аниқки, энди бу икки футболчи бир текис давом этган 10 йиллик гегимонликка чек қўйилди.
Албатта, бу шахсий фикр. Унга қўшиладиганлар ҳам, қўшилмайдиганлар ҳам топилади. Муҳими барчанинг ўз фикри ва қараши бўлсин.
Фикрлар