
Шомуродов Римни оёққа турғазди!
“Рома” жорий мавсумда ажойиб натижаларни қайд этмоқда. Клаудио Раньери шогирдлари мавсум ўрталарида қуруқ орзудек кўринган Европа Чемпионлари лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун жуда яхши имкониятга эга бўлиб турибди.
Италия матбуоти Рим “бўрилари”нинг 19 та учрашувга етган мағлубиятсиз сериясини таҳлил қиляпти. Пойтахтликлар 73 ёшли қария мураббий қўл остида 14 та ғалаба ва бешта дуранг қайд этди.
Италиянинг энг нуфузли нашрларидан ҳисобланган La Repubblica газетаси экспертлари “Рома”нинг “Фиорентина” устидан қозонган ғалабасини таҳлил қилар экан, бу тўқнашувдаги ягона гол урилишида иштирок этган Элдор Шомуродов ва Артём Довбик тандемининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Sports.uz портали La Repubblica газетасида чоп этилган “Рим Шомуродов ва Довбик билан Евпопага яқинлашмоқда” сарлавҳали мақоласида келтирилган қизиқарли маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- “Рома” икки ҳужумчи – Элдор Шомуродов ва Артём Довбик билан Европага яқинлашмоқда. “Рома” ва “Фиорентина” учрашуви бош мураббий Клаудио Раньери бундан буён Довбик ва Шомуродов дуэти самарасига кўз юма олмаслигини кўрсатди.
Шомуродовнинг пасидан кейин Довбик гол уриб, римликларга қимматли ғалабани келтирди.
Украиналик ҳужумчи рақиб жарима майдончасида жисмоний куч-қувватига таяниб ҳаракат қилади. Ўзбекистонлик легионер эса, унга умуман тескари ўйин намойиш қилади. Шомуродов ўйинда фаол қатнашишга, бўш ҳудудлар очишга, яккакурашларда иштирок этишга тинимсиз уринади. Бу икки ҳужумчи бирга ўйнаб, Римни оёққа турғазди.
Умуман олганда ҳозиргача, икки марказий ҳужумчи ўн битта учрашувда 350 дақиқадан кўпроқ майдонда биргаликда ҳаракат қилган. Қолган баҳсларда улар зарур пайтда майдонга тушиб, ўйинда бурилиш ясаш вазифасини олиб келаётган эди.
Энди бу икки ҳужумчи қурбонлари қаторига “Фиорентина”ни ҳам қўшиб қўйиш мумкин. Раньери таъкидлаганидек, “Жамоаси бу икки марказий ҳужумчи билан олдинги чизиқда нача хавфли ўйин намойиш қилади”.
Энди Раньери ўзининг бу гапларига натижа, рақамлар ва очколарни исбот тариқасида келтириши мумкин. Мавсум охирига келиб, мураббий олдинги чизиқда узоқ давом этган муаммоларга муносиб ечим топган кўринади, - деб ёзди La Repubblica газетаси.
Таъкидлаш жоизки, 29 ёшли легионеримиз чемпионатнинг ҳал қилувчи палласида жамоанинг асосий фигурасига айланди. Хусусан, Элдор охирги бешта учрашувда тўртта самарали ҳаракатни амалга оширди. Дастлаб, ҳамюртимиз “Ювентус” жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Кейин “Верона” билан баҳсда ягона ғалаба тўпини киритди. Охирги икки турда – “Интер” билан беллашувда Матиас Суленинг, “Фиорентина”га қарши баҳсда Артём Довбикнинг ғалаба голига тўп узатиб берди.
Жорий мавсумда Элдор Шомуродов А Серия, Италия кубоги ва Европа лигаси мусобақаларида жами 34 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига еттита гол ва бешта ассист расмийлаштириб қўйди.
Шомуродов “Рома”нинг “топ-5”даги тарихий рекордини таъминлаб берди!
Фикрлар