Нега Вальверде мавсум якунида «Барса»ни тарк этиши керак? (Эркинжон Ғайбуллаев мақоласи)

Эрнесто Вальверде ўзининг «Ноу Камп»даги илк мавсумида «олтин дубль»га эришган эди. Айни вақтда «кўк-анорранглилар» Ла Лига ва Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи пешқадами бўлиб турибди. Аммо у ҳамманинг устидан ғолиб чиқа олмаяпти. Хўш, у жорий мавсум якунида клубни тарк этиши керакми? 

Бобби Робсондан бир вақтлар Жимми Бёрнс «Барселона»ни бошқариш нима эканлиги ҳақида сўраганди. Англиялик мураббий шоирона тарзда жавоб қайтарганди:

«Европа мусобақаси оқшоми... Тўлқинлантирувчи муҳит, сочни тикка қиладиган сценарий... Агарда ютқазсанг, кучли зарбани қабул қиласан, мухлислар бахтсиз бўлишади ва матбуот сендан нималар кутганини ёзишни бошлашини биласан. Бундай босим адреналин ва завқ олиб келади. Армия мағлубиятга учрашига ҳаққи йўқ.»

«Барселона» ортиқ клубдан кўпроғи эмас. Шубҳали трансферлар ва футболкалардаги ҳомийлик эски шиорга аллақачон раҳна солиб бўлган.

Аммо ўта махсус муҳит яшамоқда. Робсон буни «Камп Ноу»даги ягона мавсумида барча совринларга эга чиқиб ўрганган эди.

«Мен тарихни яратдим» – дея ҳитоб урганди Робсон ўзининг охирги матбуот анжуманида. «Мен биринчи мавсумдаёқ тўртта совриндан учтасини ютган илк мураббий бўлишим керак ва буни бошқа ҳеч ким бажара олмайди.»

Робсон бу билан Қитъалараро Кубокни, Қирол Кубоши ва Испания Суперкубогини назарда тутганди. Бироқ «Реал» «Барса»ни Ла Лига бош соврини учун курашда доғда қолдирганди.

Аммо Робсон клубнинг чиройли футбол намойиш қилиш анъанасини ўзгартириб юборганди. Муаммо шундаки, у Йохан Круйфф эмасди. Голландиялик мутахассис «Камп Ноу»да ҳақиқатдан йирик аҳамият касб этади.

Круйфф замонавий «Барселона»ни яратди. Унинг стандартлари кейинги мураббийлар учун ҳам, жумладан Вальверде учун ҳам мерос бўлиб қолди.

Робсон каби Вальверде «Камп Ноу»да эришган натижаларидан хурсанд бўлиши керак. У илк мавсумдаёқ «олтин дубль»га эришди. Ла Лига тарихида илк марта бутун мавсумни биргина мағлубият билан тугатди.

Аммо у барча томонидан ҳурмат қилинмаяпти. Унинг амалдаги шартномаси 2020-йилгача амал қилсада, жорий мавсум якунида клуб у билан шартномани эълон қилинмайдиган маблағ эвазига бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Натижалар ҳар қандай жамоада ҳаётий аҳамиятга эга. «Барса» Чемпионлар Лигасининг чорак финалида яна мусобақадан чиқиб кетадиган бўлса, Вальверденинг Ла Лигадаги кўрсаткичидан қатъий назар клубни тарк этади.

«Барса» раҳбарияти ўтган йилги аламли мағлубиятни унутгани йўқ. Римга 4-1 ҳисобидаги йирик устунлик билан ташриф буюрган каталонияликлар «Олимпико»дан йирик мағлубият билан қайтгани ҳали ҳамманинг ёдида.

Баъзи директорлар, мухлислар Вальверденинг футбол фалсафасидан норози. Унинг «Барса»си яна олдингидек Мессининг даҳолигига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Вальверденинг имконияти чегараланган Паулиньони сақлаб қолиш ва Малком трансферига қарши бўлганининг ўзиёқ унинг прагматик қарашларини очиқ-ойдин тушунтириб беради.

Ўтган мавсумда клубнинг анъанавий 4-3-3 ўйин услубидан воз кечиши кўпчилик томонидан хуш қабул қилинмади. Гарчи тактик ўзгариш қилиниши керак бўлса ҳам.

Неймарнинг барчани шокка туширган ҳолда клубни тарк этиши, Дембеленинг спорт формаси ва интизомидаги қийинчиликлар Вальвердени мавсум давомида Суарес ва Месси атрофида ўйинни қуришига мажбурлади.

Филиппе Коутиньонинг мавсум стартида эмас, январда келиши ҳам ўйин тизимини шакллантиришда муаммо туғдирди.

Ушбу ёзда Артурнинг келиши туфайли Вальверде «Ливерпуль»нинг собиқ вакилини ҳужумга ўтказди. Барча иқтидорига қарамай Коутиньо ҳужумдан кўра ярим ҳимояда кўпроқ нафи тегади.

«Барселона» президенти Хосеп Мария Бартомеу октябрь ойида бош мураббийнинг шартномаси бўйича берган жавобида қониқиш ҳосил қилаётганини таъкидлаганди:

«Биз у муваффақиятга эриша олишини биламиз, ишлар боришидан бахтлимиз ва у доим бизнинг биринчи танловимиз. У шундай ишлашда давом этишини истайман, унинг бизга ва футболчиларга бўлган муносабатидан мамнунман» – деган клуб президенти.

Аммо бу ярим ҳақиқат. Вальверде таркибида норози футболчилар етарли. Улардан энг муҳими Рафинья ва Денис Суарес.  Улар Вальверденинг ротацияси қурбони. Бу унинг трансфер бозоридаги қониқарсиз иши кўриниши десак муболаға бўлмайди.

Вальвердени шунингдек, «Ла Масия» – клубнинг ёшлар академияси тарбияланувчиларини асосий жамоага ўтказишда нўноқликка йўл қўяётганини ҳам қаттиқ танқид қилишмоқда. Фақатгина Карлес Аленья ва Рики Пучлар ўтган ҳафтада асосий жамоа сафида дебютларини ўтказишди.

Вальверде унга бўлган босим ортиб бораётганини тушуниб турибди. Ҳатто жамоа билан мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришган Пеп Гвардиола ҳам 4 йиллик фаолиятидан кейин клубни тарк этганди.

Эҳтимол унинг шу мавсум якунида жамоани тарк этиши маъқулдир. Албатта, кимдир у учун қарорни қабул қилади.

Ҳеч бир мураббий абадий эмас. Ҳатто Круйфф ҳам. Ўйинлар майдонда ютиб олинади. Ғалабага эришиш эса анча қийинроқ. Босим ортмоқда, вақт кетмоқда. Армия мағлубиятга учрамаслиги керак!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!