Нега Вальверденинг янги шартномаси кутилмаган бўлди? (Э. Ғайбуллаев блоги)

Куни кеча “Барселона” жамоа бош мураббийи Эрнесто Вальверде билан янги шартномага имзо қўйишди. Тажрибали мураббий 2017-йилда клуб бошқарувига тайинланган эди. Ўшанда мавсумни Испания Суперкубогидаги мағлубият ва азалий рақиби “Реал”га қарши дастлабки икки ўйинни ютқазганига қарамай у “кўк-анорранглилар”ни мавсум якунидаги ички чемпионат ғолибига айлантира олганди.

Айни вақтда Вальверде етакчилигида иккинчи мавсумининг ярмида бораётган каталонияликлар Ла Лигада пешқадам, Қирол Кубоги ярим финалида иштирок этмоқда, Чемпионлар Лигаси нимчорак финалидаги иштирокини тез орада бошлайди.

Афтидан ҳаммаси яхши кетаётган бўлсада, клуб у билан шартномани узайтиргани маълум бўлгач, кўпчилик “ростданми”, “нега” дея ўз муносабатини билдирганлар кўп бўлди. Хўш, нималар унинг “Барса” билан шартномаси узайтирилишига ҳайрат бағишлади?

Яхши томони

“Барселона” Эрнесто Вальверд соясида анча муваффақиятли йўлдан бормоқда. У жамоага келган пайтда клуб хаосга кўмилиб қолганди. Азалий рақиби “Реал” эса 2012-йилдан бери илк маротаба Ла Лигага эга чиқиб каталонияликларнинг ҳукмронлигига барҳам берганди. Вальверденинг “Барса”си эса Зиданнинг “Реал”ини 17 очко ортда қолдирган ҳолда чемпионлик камарини қайтариб олди.

Вальверде бу чемпионликни унга арзимайдиган таркиб билан ютгани эътиборга сазовор. Усмон Дембеле ярим мавсум жароҳати сабаб клубга ёрдам бера олмади. Филиппе Коутиньо эса январгача “Барса”га кўчиб ўтишни кутди. Луис Суарес эса кўп вақтини дарвозани аниқ нишонга олиш билан бесамар ўтказди. Мавсумнинг анчагина қисмини Паулиньо Мессидан кейинги энг яхши тўпурар сифатида ўтказди.

Вальверденинг тактик интизоми ва тахдидни минимал тарзда камайтиришга бўлган содиқлиги унга жуда қўл келди. Иккинчи мавсумида ҳам бу вазият унинг фойдасига ишлаомқда. Унинг қўли остида каталонияликлар 96 ўйиндан 65 тасини ғалаба билан якунлашди. Атиги 9 бора мағлубият аламини татиб кўришди. Улар 233 гол уриб атиги 78 гол ўтказиб юборишди. Қуруқ ўйинлари сони эса 45 тага етди.

Энг муҳими “Барселона”нинг “қария” футболчилари ҳам ундан миннатдор. Мураббий уларнинг барчасига мунтазам ўйин амалиёти ва ишонч тақдим қилди. Вальверде ўз ветеранларини “захирага михлаб қўйган” сценарий умуман кузатилмади. Сайёранинг энг яхши ўйинчиси Лео Месси эса самарали натижалари билан уларни яна бахтиёр қилди.

Ёмон томони

Албатта таркиб фақатгина ветеранлардан иборат эмас. Сўнгги ёзги трансфер бозорида клуб ўз эътиборини яқин келажаги учун асқотадиган иқтидорларни “овлаш” билан ўтказди. Усмон Дембеле, Нелсон Семеду, Марк-Андре Тер Штеген, Самюель Умтити, Филиппе Коутиньо, Малком, Артур ва бошқалар шулар жумласидан. Ушбу ёш иқтидор эгалари (ва Коутиньо) “Барселона”нинг келажаги бир қисмига айланишади.

Улар орасида Тер Штегендан бошқа ҳаммаси Вальверде қўли остида қийин паллаларни ўз бошидан ўтказишди. Умтитининг вазияти унинг жароҳатига боғлиқ бўлиб қолди. Аммо қолганлар ёрдамдан кўра кўпроқ тўсиқларга дуч келишди. Мураббий тўғридан-тўғри зарар кўрсатмаяпти, аммо унинг таваккал қилмасликка бўлган табиий хислати бунга сабаб бўлмоқда. 2017/18-йилги мавсумда клуб учун сафда бўлган иқтидорларнинг етишмаслиги бу мавсумда мураббий учун катта бошоғриғига айланган.

Дембеле қўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишда қийналди. Яқиндан бошлаб у супер иқтидорга эга эканлигини қайта намоён қила бошлади. Семеду Серхи Робертодан анча кучлироқ, аммо у озгина дақиқа билан чекланмоқда. Коутиньодан ярим ҳимоячи сифатида фойдаланиш (катта таваккал) вариантидан тезда воз кечилди ва унга вингер мақоми ёпиштириб қўйилди.

Бундай иқтидорларнинг муаммоларга учрашининг асосий сабаби бу мураббийнинг ўта эҳтиёткорлиги бўлади. Айни вақтда яна бир савол пайдо бўлди – Френки Де Йонг “Аякс” ва Голландия термасидагидек ишончни Вальвердедан олишнинг уддасидан чиқадими? Бускетс ва Ракитичлар ёнидан мунтазам жой олишда у нечоғлик қийналиши мумкин, буни албатта вақт кўрсатади.

Шунингдек, вақт масаласи ҳам муҳим. Февралнинг ярмига келиб “Барса” икки дурангга имзо чекди ва яна бир “Эл Классико” ва муҳим ўйинлар турганда энг яқин таъқибчиси билан орадаги фарқ олти очкогача қисқарди. Камига Қирол Кубоги ярим финали жавоб ўйинида мухлислар яна бир “Эл Классико” гувоҳига айланишади.

Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида “Лион”га қарши ўйинлар кутиб турибди. Гарчи улар французлар тўсиғидан ўтишса ҳам финалгача яна икки довонни ошиб ўтишига тўғри келади. Агарда бу мусобақалардан бирортасида хатога йўл қўйилса мавсум каталонияликлар учун ҳалокатга айланади. Албатта ҳамма клублар ўз мураббийиги тўлиқ ишонч билдиришини истайди. Аммо Вальверденинг ишлари кўнгилдагидек кетаётган паллада у билан янги шартнома имзолаш катта таваккал ҳисобланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
17/02/2019 17:33
Вальверде услуби барсага мос тушмайди