Нилуфар Ермагамбетова: Бронза медалининг замирида ҳам катта меҳнат ётади
«Ўсмирлар Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида мураббийим билан бирга қаттиқ меҳнат қилдик. Албатта, олтин медалга тайёргарлик кўргандим. Афсуски, бунга бироз кучим етмади. Ярим финалда мўғулистонлик рақибимга ютқазиб қўйдим. У билан авваллари ҳам жанг қилганман ва баҳсларда турли натижалар қайд этилган. Баъзида у, баъзида эса мен ғалаба қозонардик. Агар олтин медални қўлга кирита олганимда ўз олдимга қўйилган вазифани аъло баҳога бажара олдим деган бўлардим. Аммо, бронза медалининг замирида ҳам меҳнат ётибди. Хатолар устида ишлаб, навбатдаги нуфузли мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўрамиз», – деди Нилуфар.
Ермагамбетованинг мураббийи Улуғбек Азизов ҳам спортчининг иштироки борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Мусобақага албатта жиддий тайёргарлик кўргандик. Техник ва тактик йўналишда ҳам иш олиб бордик. Нилуфар ярим финалда Мўғулистон терма жамоаси вакиласига мағлуб бўлди ва финалга чиқа олмади. Тўғрисини айтсам, у мазкур баҳсда ғалаба қозонишига 80 фоиз ишонгандим. Чунки, улар аввал ҳам тўқнаш келишган. Афсуски, Нилуфар босимни енгиб ўта олмади. Олимпия ўйинлари умуман бошқа савиядаги мусобақа ҳисобланади. Бу ерда кўплаб мамлакатлардан спортчилар иштирок этишади. Ва албатта ҳар бир спортчи олтин медални қўлга киритишни орзу қилади. Бироқ, кучли учликка кириш ҳам ажойиб натижа. Биз навбатдаги мусобақаларда юртимиз байроғини янада кўкларга кўтармоқчимиз. Фурсатдан фойдаланиб, қўллаб-қувватлаганликлари учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон дзюдо федерациясига миннатдорчилик билдираман», – деди Улуғбек Азизов.
Фикрлар