ЎФА вакиллари Чехия терма жамоалари билан ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишиб олишди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан Европанинг футболи ривожланган мамлакатлар футбол федерациялари билан яқин алоқалар ўрнатиб, ўзбек футболи ривожи йўлида уларнинг бой тажрибасидан унумли фойдаланиш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келишмоқда. 
 
Жумладан, ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг маслаҳатчиси Санъат Шарипов, Терма жамоалар департаменти директори Шарофиддин Ҳожиниёзов Греция ва Германия футбол федерациялари вакиллари билан учрашиб, ҳамкорлик бўйича келишувга эришишгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. 
 
Бугун ЎФА мутасаддилари Чехия футбол федерациясида бўлишди. У ерда Чехия футбол федерацияси минтақавий академиялар билан ишлаш бўлими бошлиғи, Чехия футболининг ўтмишдаги юлдузи, терма жамоанинг собиқ футболчиси Карел Поборский ва Мураббийлар таълими департаменти директори Лукаш Ружичка билан учрашишди. 
 
Карел Поборскийни футбол мухлислари "Бенфика", "Лацио", "Манчестер Юнайтед" каби жамоалардаги фаолияти орқали яхши танишади. У Чехия терма жамоаси таркибида 118та ўйинда майдонга тушиб, 8та гол киритишга ҳам муваффақ бўлган. 1996 йил Европа чемпионатида вице-чемпионликка эришган.
 
Учрашув давомида Чехияда йўлга қўйилган болалар футболи тизими, академиялар иш тартиби муҳокама қилинди ва бу тажрибани Ўзбекистонда қўллаш масалалари гаплашиб олинди. Шунингдек, келгусида икки мамлакатнинг U-15, U-17 терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйинлари ўтказиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Бундан ташқари, Лукаш Ружичка Тошкентга ташриф буюриб, мамлакатимиздаги болалар ва ўсмирлар футбол академиялари мураббийлари малакасини ошириш бўйича турли семинарлар ва ўқув курслари ўтказишга ваъда берди. 
 
Келаси йилнинг май ойида Чехияда ёшлар терма жамоалари иштирокида Халқаро мусобақа бўлиб ўтади. Чехия футбол федерацияси томонидан Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам мазкур мусобақага таклиф этилди. 
 
Учрашув якунида Чехия футбол федерацияси вакилларига эсдалик совғалари берилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Javoxirbek Sirojiddinov
18/02/2019 22:17
Matnni ko'rib bo'lmayapti