Оғир атлетика. Эргашев ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгилади

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда. Бугун мусобақада -61 кг вазн тоифасида эркаклар ўртасида «А» гуруҳи баҳслари ўтказилди. Ушбу вазнда юртимиз шарафини Адҳамжон Эргашев ҳимоя қилди. Ҳамюртимиз мусобақада даст кўтаришда 136 кг., силтаб кўтаришда эса 157 кг. тош кўтарди. Умумий ҳисобда 293 кг. натижа кўрсатган Адҳамжон жаҳон чемпионатида олтинчи ўринни эгаллади.

Даст кўтаришдаги 136 кг. натижа орқали 19 ёшли ҳамюртимиз ёшлар ўртасидаги рекордни янгилади. Полвонимиз ушбу натижани катталар ўртасидаги мусобақада қайд этган бўлсада, жаҳон чемпионатида бундай тоифадаги рекордлар ҳам алоҳида инобатга олинади.

Эслатиб ўтамиз, Эргашев шу йил Тошкент шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида даст кўтаришда 135 кг., силтаб кўтаришда 160 кг., умумий ҳисобда 295 кг. натижа билан жаҳон чемпиони бўлганди.

Шу ўринда мухлисларимизни қизиқтираётган яна бир маълумотни эслатиб ўтмоқчимиз. Мусобақада ғолиблик учун асосий даъвогар ҳисобланган спортчиларимиз Руслан Нурутдинов (-109 кг.) ва Рустам Джангабаев (+109 кг.) мос равишда 9 ва 10 ноябрь кунлари супачага чиқадилар.

Манбаа: МОҚ расмий сайти

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!