Оғир атлетикачиларимиз жаҳон чемпионатидаги иштирокларини бошлашди
Хабар бериб ўтганимиздек, Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати старт олди. Аввалроқ, Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақада иштирок этаётган таркиби ва вақтларини маълум қилгандик.
Бугун полвонларимиз жаҳон биринчилигидаги иштирокларини бошладилар. Яқиндагина ўсмирлар Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган Муҳаммадқодир Тоштемиров катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида чиқиш қилди. Ҳамюртимиз -73 кг вазн тоифасида «С» гуруҳидаги баҳсларда иштирок этди ва еттинчи натижани кўрсатди. Қайд этиш лозимки, Муҳаммадқодир С гуруҳида баҳсларга киришган 13 нафар атлет ичида ёши энг кичик спортчи эди. Аммо, шунга қарамай у ўзидан ёши катта бўлган полвонлардан ҳам яхшироқ натижа кўрсата олди. Умид қиламизки, ўсмирлар Олимпиадаси совриндори ҳисобланган Муҳаммадқодир учун бу ҳали бошланиши. Унинг зафарли юришлари ҳали олдинда.
Бугун шунингдек, Адҳамжон Эргашев ва Муаттар Набиевалар А гуруҳида ғолиблик учун супачага чиқадилар.
Эътиборингизга ўзбекистонлик спортчиларнинг жаҳон чемпионатидаги иштироклари тақвимини ҳавола қиламиз:
-73 кг: Муҳаммадқодир Тоштемиров (С гуруҳи, 3 ноябрь)
-61 кг: Адҳамжон Эргашев (А гуруҳи, 3 ноябрь)
-67 кг: Достон Ёқубов (А гуруҳи, 4 ноябрь)
-89 кг: Зайнобиддин Маҳамадаминов (С гуруҳи, 6 ноябрь)
-89 кг: Суннатилла Ўсаров (Б гуруҳи, 6 ноябрь)
-102 кг: Акбар Жўраев (А гуруҳи, 8 ноябрь)
-109 кг: Руслан Нурутдинов (А гуруҳи, 9 ноябрь)
+109 кг: Рустам Джангабаев (А гуруҳи, 10 ноябрь)
Қизлар:
-55 кг: Муаттар Набиева (А гуруҳи, 3 ноябрь)
-64 кг: Кумушхон Файзуллаева (Б гуруҳи, 5 ноябрь)
-81 кг: Турсуной Жабборова (А гуруҳи, 8 ноябрь)
-87 кг: Долера Давронова (Б гуруҳи, 9 ноябрь).
Манбаа: МОҚ расмий сайти.
Фикрлар