Олег Зотеев: "Локомотив"да қолишга қарор қилдим
“Локомотив” клубининг чап қанот ҳимоя чизиғини “ўзиники” қилиб олган Олег Зотеев ўтган йилги мавсумда ўйин жиҳатидан анча ўсишга эришди. Натижада Эктор Купер уни миллий терма жамоага ҳам жалб этди ва Осиё Кубогида асосий ўйинчилардан бирига айланди. Айни пайтда эса мавсумга “Локомотив” билан бирга тайёргарлик кўраётган футболчи терма жамоанинг Осиё Кубогидаги иштироки, Купер ва ўзининг кейинги тақдири ҳақида гапирди.
Пенальтилар серияси ҳақида
- Пенальти – бу лоторея деган гап ҳақиқатан тўғри. Аслида сиз ўйиндан олдин пенальтиларни тепишга қанчалик тайёр бўлманг, аммо ҳал қилувчи пайтга келганда гол ура олмаслигингиз мумкин. Биз ҳам Австралияга қарши учрашувдан олдин машғулотларда 2-3 бор пенальтиларни тепиш борасида тайёргарлик кўрдик, ҳамма тайёр эди. Ўша ўйинда ҳам беш нафар футболчимиз ўзига ишонган ҳолда пенальти тепишини айтишди. Аммо шунчаки омад улардан юз ўгирди. Ўша вазиятда уларнинг ўрнида мен ҳам ёки Одил Аҳмедов ҳам бўлиши мумкин эди. Яъни, исталган ўйинчи гол ура олмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам буни лоторея дейишади. Умуман олганда, йигитларимиз пенальти тепишга тайёр эдилар. Гол ура олмаслик эса бу уларнинг хатоси эмас. Масалан, Андрей Шевченко ҳам ўз вақтида Европа Чемпионлар лигасининг финалида гол ура олмаган. Пенальтилар лотореяси ўзи шунақа нарса, бундан ҳеч ким хафа бўлиши керак эмас.
Эктор Купер тўғрисида
- Ҳар бир мураббийнинг ўз ўйин услуби бор, буни ҳамма билади. Эктор Купер қисқа вақт давомида жамоага ўзининг услубини олиб киришга ҳаракат қилди ва шуни айта оламанки, терма жамоа ўйинида ўзгаришлар бўлди. Мен ҳимоячи сифатида Купернинг ўйин услубидан ўзим учун янги қирраларни ўргандим. Тўғри, ҳали бунгача қўлланмаган услублар устида ҳам ишладик. Барибир олти ой ичида жамоани шу даражага келтира олган мураббийга қойил қолиш керак. Ўйлашимча, Купернинг ишига бир ярим, икки йил ичида баҳо берса бўлади. Аммо айни пайтда ҳамма нарса тўғри йўлда кетяпти.
Ҳимоявий ўйин масаласида
- Барибир ҳар қандай мураббий ҳам жамоа тузишни аввало ҳимоядан бошлайди. Агарда сиз жамоанинг ўйинини ҳужумни кучайтиришдан бошласангиз-у, аммо ҳимояда заиф нуқталар бўлса, унда бунинг нима кераги бор? Сиз бешта гол урасиз, аммо олтита гол ўтказасиз. Шунинг учун ҳам Купер ишни дастлаб ҳимояни кучайтиришдан бошлаб тўғри қилди. Ана энди аста-секин мураббий қарши ҳужум тактикаси устида ҳам ишлашни бошлайди. Бир сўз билан айтганда, Купер яхши таассурот қолдиряпти. У футболчилар билан қандай муомала қилишни билади. Тўғри, у тартиб-интизомни ҳам қаттиқ ушлайди. Аммо футболчиларга керак пайтда эркинлик беришни ҳам билади. Масалан, баъзида ўйинчиларни уйига қўйиб юборади. Баъзида эса ҳаммани бир жойга йиғади. Унинг қарорлари ва футболга қарашлари замонавий. Мураббийнинг бундай қарашлари ҳам жамоага ўзгача муҳитни беряпти. Баъзида йиғинлар пайтида бир ойдан кўпроқ вақт давомида юрилади ва тезроқ уйга қайтишни хоҳлаб қолишади. Аммо Купер жамоада шундай муҳитни ярата олдики, футболчилар ҳар қандай йиғинлар пайтида ҳам юқори кайфият билан ишлашди ва ўйинларда ҳам борини бериб ўйнашни йўлга қўя олдилар. Бемалол айта оламанки, Эктор Купер ўзбек футболига ўзига хос янгиликларни киритиб боряпти. Барибир профессионал мураббийлиги билиниб турибди.
Осиё Кубогидаги ташкилотчилик
- Тўғри, ростдан ҳам бу сафарги Осиё Кубоги ортиқча ташвиқотларсиз ўтди. БААда маҳаллий телеканаллар Осиё Кубогини трансляция қилишмади. Менимча, ҳаммаси шунчаки ОФКнинг стандартлар асосида ўтди. Аммо Осиё Кубогини кенг тарғиб қилиш учун у ерда ҳеч нима қилишмади. Масалан, меҳмонхонада ҳам муҳит шунақа эди. Бир-иккита Осиё Кубогини билдириб турувчи реклама баннерлари бор холос, ундан ортиғи эмас. Хуллас, бу сафарги мусобақада ожиотаж кузатилмади.
Жамоатчиликнинг фикрлари ҳақида
- Тўғрисини айтсам, интернет сайтларини кам ўқийман. Куча-кўйда мухлислар жамоа ҳақида ўз фикрларини айтишади. Уларнинг орасида тўғри гапираётганлари ҳам, нотўғри фикр билдиришаётгани ҳам бор. Албатта, ҳар бир одам ўз фикрини айтишга ҳақли. Тўғри, танқид ҳам керак. Аммо шундай танқид бўлиши керакки, у футболчиларнинг руҳини кўтариши керак. Ўша танқидлардан сўнг халқ бизга ишоняпти, уларнинг ишончини оқлашимиз шарт, деган ўй-хаёллар ўтиши лозим.
Кейинги тақдири
- Ростини айтсам, Осиё Кубогидан кейин менга ҳеч қайси агентлардан таклиф бўлмади. Сизга олдин айтганимдек, ўзимнинг вариантларим бор эди ва ҳозир ҳам ўз кучида. Мисол учун Эроннинг “Фулад” клуби менга жиддий қизиқди ва аслида ушбу жамоага ўтишим керак эди. Аммо ўзим бу вариантдан воз кечдим. Шунингдек, Россия клубларидан ҳам яхши таклифлар бўлди. Аммо уларнинг чақирувларини ҳам рад этдим. 23 февралда Ўзбекистон Суперкубоги учун ўйнаймиз. Қолаверса, “Локомотив” ҳам мени қўйиб юборишни хоҳламаяпти. Клуб раҳбарлари бошқа жойга кетиб нима қиласан, биз билан қолгин деб тинмай айтишяпти. Шу боис менимча, “Локомотив”да қоламан.
Фикрлар