Осиё ўйинлари 12-кун. Бугун бир поғона юқориладик ва 6-ўринга чиқиб олдик (ФОТО)
Хабарингиз бор шу кунларда Индонезияда ўтказилаётган Осиё ўйинлари ўзининг айни қизғин палласига кириб бормоқда. Бугун мусобақанинг ўн иккинчи кунида ҳамюртларимиз бир қатор медаллар учун баҳс олиб боришади.
Дастлаб мусобақанинг каноэда эшкак эшиш спорт турининг аёллар ўртасида 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда Дилноза Раҳматова/Нилуфар Зокирова тандеми маррага иккинчи бўлиб етиб борди ва кумуш медални қўлга киритди. Улар хитойлик рақибларидан 3,6 сония ортда қолишди ва 2:06.160 натижа қайд этиб, делегациямиз ҳисобига навбатдаги медални қўшиб қўйишди. Кейин ушбу спорт тури бўйича эркаклар ўртасида 1000 метр масофага ўтказилган баҳсларда ҳамюртимиз Вадим Меньков маррага биринчи бўлиб етиб борди ва якунда мусобақа ғолибига айланди.
Куннинг иккинчи ярмида эса Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган кураш бўйича -78 кг вазн тоифасидаги спортчилар ўртасидаги финал баҳс бўлиб ўтди. Ушбу беллашувда ҳамюртимиз Кумуш Йўлдошева мўғулистонлик Отгон Мунхцецегга қарши гиламга кўтарилди. Қизиқарли кечган баҳсда ҳамюртимиз рақибаси устидан ҳалол баҳоси билан ғалаба қозонди.
Кейинроқ дзюдо бўйича аёллар ўртасида -70 кг вазн тоифасида бронза медали учун ўтказилган баҳсда ҳамюртимиз Гулноза Матниязова хитойлик Я Жуга қарши татамига кўтарилди.Қизиқарли ўтган баҳсда эса ҳамюртимиз рақибасини иппон баҳоси эвазига мағлуб этди ва бронза медални қўлга киритди.
Шундай қилиб ҳамюртларимиз бугун жами 8та медални (3та олтин, 2та кумуш, 3та бронза) қўлга киритишди ва дегелациямиз ҳисобидаги медаллар сони 53тага етди. Эътиборлиси, бугунги қўлга киритилган медаллар эвазига Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида 7-ўриндан 6-ўринга кўтарилиб олди.
Фикрлар