Осиё ўйинларидаги энг яхши натижамизни қайд эта оламизми?

Бугунги кун ўзбек спортчилари учун ҳар доимгиданда омадлироқ келди. Ўйинларнинг 11-кунидан сўнг делегациямиз ҳисобидаги медаллар сони 45 тага етди. Ҳамюртларимиз шу кунгача 12 та олтин, 17 та кумуш ва 16 та бронза медалларига эга чиқишди.

Бу орқали Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё ўйинларидаги ўз рекордини янгилаш арафасида. Мусобақа якунланишига уч кун қолганида ватанимиз спортчилари делегациямиз иштирок этган барча Осиё ўйинларидаги энг яхши натижани қайд этиш учун бир қадам масофада туришибди. Ҳали олдинда бокс, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, самбо каби медаль кутилаётган спорт турлари бор эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу натижамиз янада яхшиланади.

Демак, Индонезиядаги Осиё ўйинларида терма жамоамиз медаллар сифати бўйича ўз тарихидаги энг яхши натижасини кўрсатишга жуда-жуда яқин турибди. Қайд этиб ўтиш лозимки, ўзбек спортчилари Индонезияда 14 та спорт турида шоҳсупага кўтарилишди.

Таққослаш учун, Ўзбекистон спорт делегациясининг Осиё ўйинларидаги энг яхши натижаси 2002 йилга тўғри келади. Ўша йилги баҳсларда ҳамюртларимиз 15 та олтин, 12 та кумуш ва 24 та бронза медалларини қўлга киритишган.

Осиё Олимпиадасида иштирок этаётган Ўзбекистон делегациясининг асосий мақсади ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик шодиёнасига муносиб совға тайёрлаш ва шу орқали биз учун дуода бўлиб турган халқимизни, спортчиларимиз учун барча шароитларни яратиб берган Президентимизни хурсанд қилишдан иборатдир.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!