Ўсмирлар Олимпия ўйинларига лицензияларимиз яна биттага ортди
Бундан аввалроқ Аргентинага 36 нафар ёш спортимиз йўл олиши хақида маълумот бергандик. Бугун эса сиз азизлар билан навбатдаги ҳушхабарни баҳам кўриш ниятидамиз. Гап шундаки, бугун Миллий олимпия қўмитасига Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA)дан мактуб келди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар бермоқда.
Унга кўра, бокс бўйича қизлар ўртасида -51 кг. вазн тоифасида ҳамюртимиз Хурсаной Холматова ҳам Буэнос-Айресдаги Олимпия ўйинларида иштирок этиш хуқуқига эга бўлган.
Эслатиб ўтамиз, III ёзги Олимпия ўйинлари Ўзбекистон делегацияси учун иштирокчилар сони бўйича аввалги барча рекордларни янгилаб берди. 2010 йили Сингапур мезбонлик қилган I ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистон 21 нафар спортчи билан иштирок этган бўлса, 2014 йилда Нанкинда ташкил этилган Олимпиадада мамлакатимиз делегацияси 28 та спортчидан ташкил топганди. Буэнос-Айресга эса 37 нафар спортчи билан йўл олмоқдамиз. Демак, натижалар йилдан йилга яхшиланиб бормоқда.
Биз Аргентинада медаллар сони ва сифати бўйича ҳам натижаларни яхшилаш ниятидамиз. Буэнос-Айрес ареналарида ўзини ҳар томонлама кўрсатадиган спортчиларимиз насиб қилса яна 2 йилдан сўнг Токио 2020 Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилиш имконига эга бўлишади.
Фикрлар