Оз қолди! Ё Купер ёки...
Охирги пайтларда миллий терма жамоамизга қачон янги бош мураббий тайинланади, деган савол роса авж олди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўляпти. Бунга эса етарлича сабаб ва асослар борлигини сиз ҳам яхши билсангиз керак. Чунки бугунги кунга келиб нега ҳали ҳам хорижлик мураббий билан келишувга эришилмагани (балки келишувга эришилгандир) кўплаб саволларни келтириб чиқаряпти ва бундай бўлишига аввало ЎФАнинг ўзи сабабчи. Нега дейсизми? Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон миллий терма жамоасини бундан буён хорижлик мутахассис бошқариши аллақачон маълум бўлиб улгурганди, фақат унинг кимлиги номаълум бўлиб келаётганди. Ўзебкистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам ўз чиқишларида бир неча бор хорижлик таниқли мураббийлардан бирининг терма жамоамизни бошқариши ҳақида аниқ айтиб ўтганди.
Аслида эса воқеалар ривожи қиш фаслидан бошланди. Ўшанда шу йилнинг январь ойидаёқ янги мураббий номи эълон қилиниши кутилганди. Кейинчалик эса Аҳмаджонов хорижлик мутахассис билан февраль ойида БААда учрашишини айтди. Ўшандаёқ Эронни бошқариб келаётган португалиялик Карлос Кейрушнинг номзоди илгари сурилаётгани кўп бор тилга олинди. Ҳаттоки, буни Умид Маҳаммаджонович ҳам инкор этмаганди. Орадан маълум вақт ўтиб эса ЎФА раҳбарияти жаҳон чемпионатидан кейин янги бош мураббий номи эълон қилинишини маълум қилди. Натижада эса халқимиз яна бироз кутадиган бўлди. Унгача эса ЎФА терма жамоани бошқариши мумкин бўлган кўплаб номзодларнинг номини оммага ошкор қилиб юборганди. Хуллас, мундиал арафасида ва мундиал нафаси чоғида терма жамоа бош мураббийлиги масаласи маълум муддатга “ёпилгандек” бўлди.
Жаҳон чемпионати ҳам тугади, яна мухлисларимизда саволлар уйғона бошлади. Қани, терма жамоанинг янги бош мураббийи? Терма жамоамизни кимга топширамиз? Кейруш келадими ёки Берт Ван Марвейкми? Айнан шу каби саволлар барчани қизиқтириб келаётганди. Чунки ЎФА мутасаддиларининг ўзлари айтганларидек, жаҳон чемпионати ҳам тугаб, энди ҳақиқатан янги бош мураббий номини расман эълон қилиниши керак эди, ҳар ҳолда ваъда ўз номи билан ваъда! Унгача терма жамоамизни маҳаллий мураббийлар – Рўзиқул Бердиев, кейин эса Тимур Кападзе вақтинча бошқариб турди. Энди эса бошқарув постини хорижлик мутахассисга топшириш вақти келди!
Сўнгги кунларда Ўзбекистонни бошқариши мумкин бўлган яна бир янги номзод – Эктор Купер пайдо бўлди. Россиядаги мундиалга Миср терма жамоасини олиб чиқа олган аргентиналик мутахассиснинг терма жамоамизни бошқариши ҳақидаги хабарлар Осиёда кенг тарқалмоқда. Очиғини айтганда, миллий терма жамоага бош мураббий тайинлаш жуда нозик масала. Бу халқ жамоаси, бу Ватан жамоаси. Ўзбекистон – бу бизнинг давлатимиз, бизнинг миллат! Шундай экан, бунинг жавобгарлиги ва масъулияти нақадар улкан эканлигини ортиқча таърифлашга ҳожат бўлмаса керак. Буни эса Умид Аҳмаджоновнинг ўзи ҳам жуда яхши тушуниб турибди. Яъни, унинг ўзи бир неча бор Ўзбекистонни 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш шарт эканлигини таъкидлаб келмоқда. Қолаверса, 2019 йилнинг январь ойида БААда ўтадиган Осиё Кубогида ҳам муваффақиятли қатнашиш устивор вазифалардан бирига айланган. Шу боис бизга натижа келтирадиган мураббий керак. Энди қандайдир вақт кутадиган ҳолатда эмасмиз. Шунча йил кутганимиз етар, шундай эмасми?
Ўйлашимча, ЎФА раҳбарияти масаланинг ушбу томонларини ҳам ҳисобга олган ҳолда вазиятга чуқур ёндашмоқдалар. Терма жамоани қайси мутахассисга топшириш бўйича уларда вариантлар, номзодлар кўп бўлганига ишончимиз комил. Ўша Кейруш, ўша ван Марвейк, ўша Билич, ўша Далич каби мутахассислар билан футболимиз мутасаддилари музокарларга киришганига ишонамиз. Лекин ҳар доим ҳам сиз ўйлаган нарса амалга ошавермайди. Аввало икки томоннинг хоҳиш ва истаклари бир жойдан чиқиши керак. Бизнингча, Эктор Купер варианти кейинчалик пайдо бўлди ва катта эҳтимол билан ушбу вариант бизникиларни қониқтирадиган даражада бўлиб турибди. Акс ҳолда сўнгги кунларда Купер масаласи бу қадар тез оммалашмаган бўларди.
Зукко ва қизиқувчан ўқувчиларимиз оммавий ахборот востилари, ижтимоий тармоқлар орқали терма жамоага мураббий тайинлаш масаласида қандай янгилик бор экан, деб кузатиб ўтиришгани ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ҳозирча берилаётган маълумотлар асосан ОАВ томонидан илгари сурилмоқда. Бироқ ЎФА бу борада ҳали расмий баёнот бергани йўқ. Демак, биз ўзимизча фикрлаётган бўлишимиз ҳам мумкин. Бироқ шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, тўғрими? Терма жамоа ва хорижик мураббий масаласи ҳали биз учун сийқаси чиққан мавзуга айланмаган ва айланмайди ҳам. Ўзбекистон номининг ўзиёқ ҳеч биримизни беъэтибор қолдирмайди ва ҳар қандай хабар ёки маълумот Ўзбекистон фуқаросини ўзига тортиши шубҳасиз. Биз сиз азиз мухлисларнинг талаб ва истакларингизни тўғри тушуниб турибмиз ва ҳаттоки, биз журналистлар ҳам тезроқ миллий терма жамоани бошқарадиган мураббий номини билиш истагидамиз. Кеча айнан шу мақсадда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновга мазкур масала юзасидан мурожаат қилгандим. Чунки бундай пайтда у кишидан бошқа биров аниқ ва лўнда жавобни айта олмаса керак. Аҳмаджонов эса бош мураббий масаласига жавоб берар экан, яна бир ҳафта кутиб туришимизни айтди. Аниқроғи, бир ҳафтадан кейин айтаман деди. Қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидайлик, энди. Лекин бу ёғи оз қолди, ишонаверинг.
Балки ЎФА аллақачон янги бош мураббий билан келишувга эришгандир-у, фақат келишувнинг икир-чикирлари қолгандир. Балки Купердан бошқа яна янги вариант ҳам пайдо бўлгандир. Бу борада бизда турли мулоҳазалар йўқ эмас. Аммо чиндан ҳам оз қолди. Буни ЎФАнинг ўзи ҳам яхши тушуниб турибди. Аслид-ку, барчамиз учун Кейруш асосий номзод бўлиб турганди. Аммо Эрон ва Кейруш масаласи барчамизни чалкаштириб юборди. Эрон томони мураббийни олиб қолганини айтса, яна бир бошқа томон ҳамкорлик тўхталишини айтмоқда. Энди эса яна унинг Эрондан кетиши ҳақида айтилмоқда. Шу боис бу масала чиндан ҳам бизни чалғитиб ташлади. Ҳозирги пайтда энг аниқ жавобни Умид Аҳмаджоновнинг ўзи билади. Шу боис у шу кунларда ё Куперни расман бош мураббий бўлганини эълон қилади ёки бошқа мутахассиснинг номини маълум қилади. Демак, оз қолди...
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ,
Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ.
Фикрлар